Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай туманида фаолият юритаётган “Agro Light Business” хўжалигида амалга оширилаётган ишлар, гулчилик кластерининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур кластер 2018 йилда ташкил этилган. Умумий майдони 6 гектар (3 гектар атиргул, 2 гектар лола, 1 гектар гербари) бўлган мазкур иссиқхонада ҳозирги кунда гулчилик соҳасида илғор ҳисобланган Туркия ва Голландия давлатининг етук мутахассислари билан биргаликда ноёб гуллар етиштирилади.
Ўтган йил бу ерда етиштирилган гуллар Россия ҳамда Қозоғистон давлатларига 220 минг доллар миқдорида экспорт қилинган. Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан мулоқотда ушбу ҳудудда гулчилик марказини ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Зойир Мирзаев туманни қайта ўрганиш давомида оилавий тадбиркор Илёс Маҳмудовнинг қулупнай етиштириш борасидаги тажрибалари билан ҳам танишди. Дарҳақиқат, ерни эъзозламаган, ҳар бир қаричидан унумли фойдаланмаган, интилиб-изланмаган, ташаббус кўрсатиб, янгилик яратиб ишламаган одамни ҳаётнинг ўзи бир чеккага чиқариб қўяди. Афсуски “куним ўтса бўлди”га ишлаб, ернинг уволига қолаётганлар ҳам бор. Аммо, Илёс ака каби инсонларнинг даромадлари ҳам чакки эмас. Туман ва пойтахт бозорларини йилнинг тўрт фаслида тўлдириб турадиган қулупнайларни Илёс ака етиштиради.
Вилоят ҳокими ҳудудни ўрганиш давомида имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлигини айтиб, ташаббускор фуқароларни алоҳида эътироф этди.
ЎзА.