Зўравонлик – энг оғир жиноят
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб 35 фоиз хотин-қизлар ҳаёти давомида яқин кишиси ёки бошқа шахс томонидан жисмоний, жинсий зўравонликка учраган.
Дунёда аёллар қотилликларининг 38 фоизгача бўлган қисми эркак шериклари томонидан содир этилар экан. Зўравонлик нафақат жабрдийдаларнинг ўзларига, балки уларнинг оилалари ҳаёти ва соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” ҳамда “Оила ҳуқуқининг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатларида зўравонликни келтириб чиқарувчи сабаблар ва уларни бартараф қилиш билан боғлиқ илмий ўрганишлар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди.
Барчамизга маълумки, БМТнинг 1999 йил 17 декабрдаги резолюциясига мувофиқ, кўплаб давлатларда “16 кун зўравонликсиз!” деб номланган акция ўтказилмоқда.
[gallery-5041]
— Юртимизда ҳам сўнгги беш йил давомида мазкур акция кенг тарғиб қилиниб, кўплаб тадбирлар ташкиллаштирилмоқда, — дейди “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева. — Мақсадимиз муаммога давлат ва жамоатчилик эътиборини тортиш, мазкур йўналишда мавжуд масалаларни ҳал этиш ва тўсиқларни бартараф қилиш бўйича самарали чоралар кўришдан иборат.
Бундан ташқари, куннинг иккинчи ярмида “Оила ҳуқуқининг долзарб масалалари” мавзусида конференция ўтказилди. Унда оила ҳуқуқининг долзарб масалалари ҳисобланган эр ва хотин ўртасидаги мулкий ҳамда шахсий номулкий муносабатларга оид муаммолар, суд-ҳуқуқ амалиёти бўйича фикр мулоҳазалар билдирилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА