Зоминлик ёшлар учун байрам совғаси
Жиззах вилояти Зомин туманида “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди.
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури – амалда
Жиззах вилояти Зомин туманида “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди.
“Ёшлар маркази”нинг тантанали очилишида вилоят, туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Ушбу марказ биноси “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида бунёд этилди. Уни барпо этишда иншоот меъморий ечими, замонавий кўриниши, жойлашган ўрни бугунги ёшларнинг талаб ва эҳтиёжларига мос бўлиши алоҳида ҳисобга олинган.

Лойиҳа қиймати 16 миллиард сўм бўлган уч қаватли бинода “Ёш тадбиркор” коворкинг маркази, электрон кутубхона, бадиий санъат, ҳунармандлик, тикувчилик, мусиқа каби жами 13 та тўгарак жойлашган. Иншоотдаги 110 кишилик зал турли бадиий, байрам тадбирлари, китоб, инновацион, илмий-техникавий ишланмалар кўргазмалари ўтказишга мўлжалланган.
Марказдаги тўгарак ва ўқув машғулотларида бир кунда 300 нафар ёшлар шуғулланиши мумкин. Марказда 15 нафар ёшлар иш билан банд бўлди.

– Давлатимизнинг биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб, амалда кўриб турибмиз, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Бекзод Абдуалимов. – Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшларимиз ижтимоий-иқтисодий соҳанинг барча жабҳасида фаол иштирок этмоқда. Ушбу марказ ёшлар учун ўзига хос байрам совғаси бўлиши билан бирга ёшларнинг фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бунгача Бахмал, Зафаробод, Пахтакор, Ғаллаорол, Зарбдор ва Дўстлик туманларида “Ёшлар маркази” мажмуалари фойдаланишга топширилган эди.