Зоминда 20 минг туп гилос экилди
Табиатни асраб-авайлаш, авлодларга софлигича етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Зомин тумани “Ғаллакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Ушбу лойиҳа доирасида 30 гектар ер майдонига 20 минг туп гилос кўчати экилди.

– Асрлар келинчаги бўлган баҳор муборак Рамазон ойида кириб келишининг ўзига хос ҳикмати бор, – дейди “Ғаллакор” МФЙ фаоли Мирзоулуғ Ҳайдаров. – Кексаларимиз янгиланиш, яшариш даврида кўчат экиш катта савобдир, деб бежизга айтишмаган. Наврўз умумхалқ байрами арафасида Зомин туманида ўтказилаётган ҳашар Жиззах вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда касаба уюшмалари ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили муносабати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган ҳар бир кўчат келажак авлод учун бебаҳо мерос бўлиб қолишига ишончим комил. Яшил ҳудудларни кўпайтириш нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, балки инсон саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашга ҳам хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва унда фаол иштирок этишни ҳар биримиз бурчимиз деб билмоғимиз шарт.

Шунингдек, Зомин тумани ички ишлар ходимлари томонидан ҳам кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Зомин туман ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби биргаликда Наврўзолди ҳашарини ташкил этиб, ҳудудни ободонлаштириш бўйича муҳим ташаббус кўрсатди.

Жиззах вилоят ИИБга қарашли Соғломлаштириш маркази ҳудудида ўтказилган ҳашарда атроф-муҳитни ободонлаштириш, ерга ишлов бериш ва гул кўчатларини экиш ишлари бажарилди. Ҳашар давомида йўлаклар тозаланди, дарахт шохлари тартибга келтирилди ҳамда чиқиндилар белгиланган жойларга чиқарилди.

Бу каби экологик тадбирлар жамиятда тоза ва яшил муҳит яратишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Ички ишлар ходимлари нафақат тартиб-интизомни сақлаш, балки шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Зомин туманида яшил муҳит яратиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича турли Наврўзолди хайрия тадбирларни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бу борада кенг жамоатчилик вакилларининг ҳам жалб этилаётгани айни муддао бўлмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/FyWGbJCZGcA?si=o_GCrFcUDNcIZZtb" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, ЎзА мухбири