Зоғора балиқ нега қиммат?
Ўрта Чирчиқ тумани Уйғур маҳалласида турли миллатга мансуб 2,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ўрта Чирчиқ тумани Уйғур маҳалласида турли миллатга мансуб 2,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир оила ўзига тегишли кафтдек ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Шу тариқа кўплаб хонадонларда иссиқхоналар қурилди.
Улардан бири Василий Мальчиков тўрт йилдан буён қуёнчилик, балиқчилик ва паррандачилик ортидан яхшигина даромад олмоқда.
Дастлаб 400 дона қуён билан тадбиркорликни бошлаган оила аъзоларининг ҳозирда минглаб қуёни бор.
– 400 дона қуёндан йилига ўртача етти марта узунқулоқ оламиз, – дейди В.Мальчиков. – Шунда ҳар йили битта она орқали қуёнларимиз ўртача 600 кўпаяди. Айни вақтда Франциядан олиб келинган, наслли қуёнларни гўшти ва мўйнаси учун парваришлаб, Самарқанд ва Тошкентдаги савдо тармоқларига 40 тонна парҳезбоп гўшт етказиб бермоқдамиз.

Тадбиркор оила айни вақтда қуёнчиликни қўшниларга ҳам ўргатиб, уларга маҳорат дарслари ўтмоқда. Шу тариқа уларни ҳам оиласида фаровонлик ошмоқда.
– Узунқулоқ парваришлашда озуқа сифатида жуда муҳим, – дейди Боймурод Эшмирзаев. – Шунингдек, эмлашни ўз вақтида бажариш керак. Улар боласини жуда қизғанганда, кўпайиш вақтида қоронғу жойда бегоналар кўзидан узоқда сақлашга эътибор қаратиш шарт. Шуларни ҳисобига қуёнлар сонини 200 та етказдим. Қуён гўшти қандли диабет, аллергия, жигар касалликларида фойдали бўлиб, оқсил кўплиги боис спортчиларга ҳам тавсия этилади. Фарзандларимга ҳам турли таомлар тайёрлаб берамиз, уларни иммунитети мустаҳкамлиги боис, кўп касал бўлмайди.
Кўплаб парранда ҳам боқаётган тадбиркор оила чорва учун озуқани ўзи етиштириб, ем тайёрлаш цехини ҳам ташкил этган. Шу боис ер масаласи тадбиркор учун оғриқли ва долзарб масала бўлиб турибди.
– Бу оиланинг маҳаллага жуда кўп фойдаси тегмоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳад Усмонов. – Олти нафар иш ўрни яратган. Шогирдлар тайёрламоқда. Томорқасидан ҳам унумли фойдаланмоқда. Иложи бўлса, уларга қўшимча ер берилса ишлари янада ривожланиб, қўшимча иш ўринлари яратилган бўларди.

Томорқа четида яратилган сунъий кўлдан ҳар йили уч тонна балиқ олинмоқда. Шу жараёнда бозорда нега зоғора балиқ қимматлиги билан қизиқдик.
– Балиқни бу турини вазн йиғиши бошқа балиқ турларига нисбатан узоқроқ давом этади, – дейди В.Мальчиков. – Бу эса кўп озуқа ва вақт талаб этади. Шу тариқа маҳсулот таннархи ошиб, унинг баҳосига таъсир қилади.
Василий Мальчиков ҳовлисида курка, товуқ ва кўплаб товусларни ҳам кўрдик. Паррандалардан кунига 300 дона тухум олиниб, бозорга етказиб берилар экан. Улар учун катакларни ҳам оиланинг ўзи тайёрлайди. Атрофдагиларга қафаслар билан бирга паррандалар ҳам етказиб берилаётгани оила аъзоларининг ҳар бирини бандлигини таъминламоқда.