Муборак Ҳаж сафарига бориш, табаррук Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзусидир. Юртбошимиз бошчилигида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик сабабли бугунги кунда ватандошларимиз эмин-эркин Ҳаж амалларини адо этиш бахтига муяссар бўлишмоқда.
Водий ҳаво дарвозаси саналган Наманган халқаро аэропортидан “Ҳаж – 2024” дастури доирасида “Наманган – Мадина” йўналишида илк парвоз “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг “Boeing-767” русумли ҳаво кемаси орқали амалга оширилиб, унда Наманган вилоятидан 245 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби Мусохон Аббосиддинов “Ҳаж – 2024” дастури асосида Наманган шаҳридаги аэропортдан Наманган ва Андижон вилоятлари зиёратчиларини Мадинаи мунавварага етказиш учун 14 та авиарейс режалаштирилганини таъкидлади. Ҳар бир рейсда 245 нафардан йўловчини муаззам манзилга элтиш ҳамда мавсум якунида она Ватанимизга қайтариб олиб келиш режалаштирилган. Зиёратчиларга Мадина ва Макка шаҳарларида барча шароитга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ходимлари ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
[gallery-17569]
– Ёшим 64 да. Аёлим билан бирга муқаддас Ҳаж зиёратига отландик. Яратганга шукроналар айтамиз. Ота-боболаримиз орзуси бўлган кунларга биз етдик. Собиқ иттифоқ даврида одамлар оғир машаққатлар чекиб, зиёратларга боришган, – дейди Поп туманидан меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Зуҳриалиев. – Бугун диний бағрикенгликка кенг йўл очилгани натижасида Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш соддалашди. Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар муқаддас зиёратларга хурсандчилик билан боришмоқда. Айтишим керакки, улуғ сафарга тайёргарлик кўриш, тиббий кўрикдан ўтиш, сафар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби жараёнлар ташкилотчилар томонидан юқори савияда амалга оширилди.
Зиёратчиларни кузатиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари