Зиёлиларнинг пешқадам вакили
Бу ёруғ, бироқ ўткинчи дунёда инсондан қоладигани фақат яхшилик, эзгу амаллар, савобли юмушлар, яхши ном экан. Давраларда, анжуманларда, устоз ёзувчиларнинг мемуар асарларида таниқли ижодкор, устоз адиб, давлат ва жамоат арбоби Сарвар Азимов фақат ёруғ хотиралар, кўпчилик – ижодкор зиёлилар, талабалар, ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаб, эл-юрт манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилганини жуда кўп эшитганмиз, ўқиганмиз.
20 май куни халқимизнинг ардоқли фарзанди, атоқли жамоат арбоби Сарвар Азимов таваллуд топганига 100 йил тўлди.
Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Сарвар Азимов – ўзбек совет адабиётшуноси, ёзувчи, драматург, давлат арбоби эди. Сарвар Азимов юртимиз ижодкор зиёлиларининг энг пешқадам вакилларидан эди.
Манбаларга кўра, таниқли драматург ва адабиётшунос Сарвар Азимов 1923 йил Жиззах шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган.
Тошкентдаги Ўрта Осиё Давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олгач (1942-1946), аспирантурада таълим олди. Устоз ижодкор филология фанлари доктори эди.
Сарвар Азимов Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, сектор мудири, директор ўринбосари бўлиб ишлаган эди. 1980-1985 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг биринчи котиби лавозимларида фаолият юритган.
Ёзувчи Республика Маданият ишлари вазири, Республика ҳукумати раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири каби вазифаларда меҳнат қилди.
Ёзувчининг адабий фаолияти 1948 йилдан бошланган. У "Қонли сароб", "Юлдузлар жамоли“, "Замон драмаси" каби пьесалар, "Камалак", "Икки дил – икки олам" номли повестлар, кўплаб ҳикоялар, кино сценарийлар, адабий жараёнлар масалаларига бағишланган адабий-танқидий ва публицистик мақолалар муаллифи эди.
Адабиётшунослар фикрича, Сарвар Азимовнинг "Замон" драмаси ўзининг ғоявий-бадиий пухталиги билан драматург ижодида алоҳида ўрин тутади. Бу асарда мустамлакачилик кишанларини парчалаб, ўз мустақиллигига эга бўлаётган чет эл халқларининг ҳаёти, миллий озодлик курашининг Шарққа кенг ёйилиб, бораётгани тасвирланган.
Сарвар Азимов барча драматик асарларида ўзи гувоҳ бўлган тарихий даврнинг муҳим муаммоларини кўтарди. Хорижий халқлар ҳаётидан олинган асарлари билан ўзбек драматургиясини янги мавзу, янги шакл, янги образлар билан бойитди.
Сарвар Азимовнинг ўз халқи, Ватанига, адабиётга садоқати, яхшиликни мудом шиор билгани ҳозирги авлод учун ибратдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика "Нуроний" жамғармаси каби ташкилотлар томонидан атоқли ижодкорнинг ҳаёти, фаолиятига оид туркум анжуманлар, хотира тадбирлари, давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Н.Усмонова,
ЎзА