“Зиёли келажак”: хайрли лойиҳа
Бугунги кунда ёшларнинг билим ва тафаккурини ривожлантириш, уларни илм-фан ва маърифатга йўналтириш муҳим вазифалардан биридир. Шу мақсадда “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Зиёли келажак” лойиҳаси йўлга қўйилди.
Ташаббуснинг мақсади мактаблардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда ҳар бир ўқувчининг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара оладиган шароитни яратиб, таълим тизимини янада қулай ва сифатли қилишдан иборатдир. Шунингдек, лойиҳа ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, ижодий фикрлашни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Зиёли келажак” лойиҳаси доирасида Нукус шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактаби кутубхонасига 100 донадан кўпроқ бадиий ва маърифий китоб тақдим этилди. Ушбу ташаббус “Jayhun turon super servis” масъулияти чекланган жамияти молиявий кўмагида амалга оширилди.
“Зиёли келажак” лойиҳаси орқали ёшлар ўз билим ва иқтидорини намоён этиш, янги имкониятларга эга бўлиш ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.

Тадбир давомида мактаб жамоаси ва ўқувчилар китоб инсон маънавиятини юксалтирувчи, билим ва тажриба манбаи эканлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур хайрли ташаббусни мамнуният билан қабул қилдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА