Зиммамиздаги масъулият икки карра ортди
Хабарингиз бор жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.
Шундан кейин тизимни салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш мақсадида ҳукумат қарорига асосан жорий йилда ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари ходимлари илк маротаба онлайн режимида аттестациядан ўтказилди.
Республика миқёсида ташкил этилган ушбу имтиҳон барчамизга катта синов бўлиб, бизнинг билим савиямизни аниқлаш билан бир қаторда малака ошириш, ўз устимизда кўпроқ ишлаш ва вазифамизга масъулият билан ёндашишга замин яратди.
Мазкур аттестация жараёнининг ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри эфирга узатилгани, уни шаффоф ва очиқ тизим асосида ўтказилганини билдиради. Синов жараёнини истаган киши нафақат мамлакатмиз ҳудудида, балки, бутун жаҳон бўйлаб кузатиш имконига эга бўлди. Шаффофлик ва очиқлик асосида соҳанинг билимли ва фидоий инсонлари саралаб олинди.
Бугун ҳар бир ФҲДЁ ходими соҳадаги янгиликлар ва ўзгаришлардан хабардор бўлиши, аҳолининг ортиқча овворагарчилигига йўл қўймаслиги, уларга сифатли давлат хизматларини кўрсатиши билан бирга, мурожаатлар юзасидан ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар бериши талаб этилади. Бунда ходимнинг билим ва касбий малакаси, тажрибаси қўл келади. Бизнинг олдимиздан ҳеч бир юртдошимиз норози чиқиб кетмаслиги керак. Ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам аҳоли бизнинг тизимдан рози бўлишидир.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида мана бир неча йиллардан буён Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудири сифатида фаолият олиб борар эканман, озми, кўпми оилам, Ватаним учун, ёш оилаларнинг бахту саодати учун ҳисса қўшиб келаётганимдан фахрланаман.
Саволлар бир ой олдин тарқатилди. Ҳаммаси очиқ, шаффоф бўлди. Иш жараёнида ҳам аттестация тайёргарлик кўрдик. Кўпроқ ўқидик, изландик. Соҳада учраётган муаммоли масалалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан яқиндан танишдик. Энг асосийси ҳаракатлармиз бесамар кетмади. Натижалар билан маълум маънода қувонган бўлсам, ўз навбатида камчиликларим ҳам кўзга ташланди. Иш фаолиятимизни янада кенгроқ ва изчилроқ давом эттириш учун қонунчиликдаги ҳужжатлар ва янги қабул қилинаётган қонунларни ўз вақтида ўрганиб, хабардор бўлишимиз кераклигини англадим.
Албатта, атестациядан ўтишим менга берилган рағбат, зиммамдаги масъулиятнинг икки карра ортиши демакдир. Зеро, ФҲДЁ мудираси номига муносиб бўлиш учун масъулият ҳисси янада ортди.
Бугун бизга қўйилган талаблардан энг биринчиси коррупция билан муросасиз курашиш, давлат хизматларини олишга келаётган ҳар бир фуқаро билан хушмуомалада бўлиш ва ортиқча вақт йўқотишни олдини олиш чораларини кўриш зарур. Келгуси фаолиятимизда ҳам халқимизга сидқидилдан меҳнат қилишдан, юртимиз ривожи йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда доимо оддинги сафда бўлишдан чарчамаймиз.
Гулноз РАЖАБОВА,
Бўстонлиқ тумани
ФҲДЁ бўлими мудираси