Ўзи митти, вазифаси катта
Ҳар бир ихтиронинг тарихи бўлганидек, салфеткаларнинг амалиётга кириши ҳам ўз тарихига эга. Манбаларда қайд этилишича, ушбу мўъжаз воситалар илк бор Ғарб уйғониш даврининг машҳур намояндаси Леонардо да Винчи фаолиятида акс этган экан.
Тарихга назар
Ҳар бир ихтиронинг тарихи бўлганидек, салфеткаларнинг амалиётга кириши ҳам ўз тарихига эга. Манбаларда қайд этилишича, ушбу мўъжаз воситалар илк бор Ғарб уйғониш даврининг машҳур намояндаси Леонардо да Винчи фаолиятида акс этган экан. Меҳмон кутишни хуш кўрган рассом бу маросимга алоҳида тараддуд кўрган, банкет столини ўзига хос тарзда ясатишга интилган. Маросим тугагач, ундан қоладиган ёқимсиз из – ёйилган идиш-товоқ ва бошқа анжомлар, айниқса, ифлосланган дастурхон мусаввирнинг кўнглини ғаш қилган. Бу муаммони бартараф этиш устида изланган ижодкорда меҳмонга келган ҳар бир инсоннинг олдида овқатланиб бўлингач, қўл артиш учун бир парча мато бўлиши керак, деган фикр туғилади.
Йиллар ўтиб бу ғоя амалиётда ўз ифодасини топади. 1887 йил июнда Буюк британиялик тадқиқотчи Жон Дикинсон салфетка ихтироси учун патент соҳиби бўлади. Дастлабки салфеткалар қалинроқ газламалардан бўлган. Кейинчалик унинг қоғоз турлари урфга кирган ва бугунги кунгача қулайлиги билан истеъмолчиларга манзур бўлаётир.
Бизнинг болалик йилларимизда кир ювиладиган кимёвий воситалар энг тақчил ашё саналарди. Отам қўшни қишлоқда жойлашган дўкондан кир совун олиб келган куни онамнинг хурсандлиги еру кўкка сиғмасди. Уларни ишлатишдан кўра, тежаб-тергаш пайига тушарди.
Бугун оила аъзоларимиз жамулжам бўлиб йиғилсак, дастурхонга бежирим қутиларда салфеткалар териб қўйилади.
– Бир кун келиб ўзимизда шундай замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини тасаввуримизга ҳам сиғдиролмасдик, – дейди Қоракўл туманидаги Манзилобод қишлоғида яшовчи Қодир бобо Қандимов. – Топсак оддийгина дастрўмолча, тополмасак, раҳматли онамиз бир парча матони чўнтагимизга солиб қўярди. Бугунги болаларнинг диди жуда баланд. Набираларим қайси бир фирманинг қандай турдаги салфеткасини танлашни менга маслаҳат беради. Улар ҳар томонлама тўкис бўлиб камолга етмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда иқтисодиётимиз ривожлангани сайин бозорларимизда ҳам рақобат кучаяётир. Юртимизда ишлаб чиқарилган барча турдаги маҳсулотлар, жумладан, салфеткалар сифати жиҳатидан хорижникидан қолишмайди, нархи арзон. Шу жиҳатдан ушбу воситалар бугунги кунда энг кўп харид қилинадиган ва доимий фойдаланиладиган рўзғор ашёларидан бирига айланиб бораётир ва уларга аҳолининг талаби кундан-кунга ўсмоқда.
Турмуш маданиятимиз юксалаётганининг муҳим кўзгуси бўлган бу кўрсаткичлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон манфаатини муҳофазалаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлаш йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самараларини яққол намоён этади.
Талабга яраша таклиф
Истеъмол бозорида талаб ошаётгани ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун катта имкониятдир. Буни тўғри англаган тадбиркорларимиз соҳани ривожлантириш йўлида тинимсиз изланмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар уларнинг фаолият кўламини кенгайтириш, халқимизнинг ўсиб бораётган талабларини тўла қондириш, бозорларимизда нарх-наво уйғунлигини таъминлашда катта имконият яратмоқда. Бугунги кунда юртимизда салфеткалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар фаолият юритаётир.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида фаолият юритаётган «Zak Qog'oz» масъулияти чекланган жамияти ва «Sangio papermill» хусусий корхонаси ушбу соҳада етакчилик қилаётган замонавий ишлаб чиқариш тузилмаларидан. 2004 йилда ташкил этилган ушбу корхоналарнинг «Elma» савдо белгиси остида ишлаб чиқараётган ўн турдан ортиқ санитария-гигиена воситалари кириб бормаган хонадонни топиш мушкул. Ўнга яқин сифат ва мувофиқлик сертификати билан кафолатланган маҳсулотлар қадоқлаш дизайнидан тортиб ишлатишга қулайлиги, таркибининг инсон организми учун фойдалилиги билан истеъмолчиларнинг ишончига сазовор бўлмоқда. Бу ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, янги-янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, сифатни юксалтириш ва истеъмолчиларга етказиб бериш доирасини кенгайтириш учун катта имконият яратаётир.
Юздан зиёд ёшлар иш билан банд бўлган корхоналарда бозор талабини ўрганиш бўйича доимий мониторинг ўтказилади. Тараққий этган хорижий мамлакатларда бу борада яратилаётган илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бугунги кунда салфеткаларнинг хўжалик, косметика соҳаси ва декоратив мақсадларда фойдаланиладиган кўплаб турларини харидорлар ўз диди, эҳтиёжига қараб харид қилиш имконияти мавжуд. Хўжалик салфеткалари овқатлангандан кейин қўлларни тозалаш, доғларни кетказишда жуда қулай бўлса, уларнинг косметик мақсадда ишлатишга мўлжалланганлари юзга сурилган ниқобларни артиш ва терини озиқлантириш ҳамда парваришлаш, асосийси, аёлларга гўзаллик бахш этишда қўл келади.
Ишлаб чиқарувчилар бундай маҳсулотларнинг болаларга мўлжалланган махсус намли турларини ҳам тақдим этмоқда. Уларнинг таркибида юмшатувчи ва яллиғланишнинг олдини олувчи моддалар бўлгани боис, кичкинтойларни тинчлантириш ва тетиклаштиришда оналарнинг яқин кўмакчиси бўлиб хизмат қилмоқда.
Маҳсулотнинг декоратив йўналишдаги турлари тозалик-озодаликка химат қилиши баробарида, ўзига хос дизайни, турфа кўриниши, антиқа ифори билан оилавий маросим, тўй-базм ва бошқа давраларимизнинг кўркига кўрк бахш этмоқда. Энг муҳими, уй бекалари бозорга отланаётган турмуш ўртоғига даврага ёзиладиган дастурхон, идишлар ва бошқа воситалар рангига мос тушадиган салфеткаларни буюртма қилишга одатланмоқда. Бекаларимизнинг ушбу истагини ижобат қилиш эса у қадар мураккаб эмас. Бозорлар, савдо мажмуалари, гипермаркет, супермаркет ёки мини-маркетларнинг санитария-гигиена воситалари билан савдо қилинадиган бўлимига борилса бас. У ерда истаган турдаги маҳсулотни ҳамёнбоп нархда харид қилиш мумкин. Аммо барча истеъмол воситалари каби салфетка сотиб олишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Мутахассислар бу жараёнда аввало маҳсулотнинг дертамология назоратидан ўтганини ва яроқлилик муддатига эътибор қаратиш, бунинг учун унинг қадоғини синчиклаб кўздан кечиришни маслаҳат беради.
“Йиғлашга йўл қўйманг!”
Бу гапнинг салфеткага нима алоқаси бор, дейишдан олдин янгиликка қулоқ тутинг. Яқинда дизайнга оид кўплаб ғоялари чиппакка чиққан португалиялик талаба Уго-Сантос қадоқ устига “Йиғлашга йўл қўйманг!” деган ёзув туширган салфеткалари учун ихтирочи сифатида патент соҳиби бўлди. Унинг ушбу маҳсулотига харидорлар катта қизиқиш билдираётгани боис, келгусида у бозорлардан кенг ўрин олса ажаб эмас. Зеро, ҳаётга учраб турадиган арзирли-арзимас дилхираликлар туфайли кўзга ёш олган инсоннинг қўлига бундай ёзувли салфетка тушиб қолса, албатта, эътиборни тортмай, мушоҳадага ундамай қўймайди.
Салфетка ишлаб чиқариш саноатида бутун дунёда кечаётган бундай илғор жараёнлар бизнинг ишлаб чиқарувчиларимизга ҳам қанот бағишламоқда. Тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган салфеткаларнинг номлари ва қадоғидаги «Юз фоиз тозалик», «Мен бактерияларга қаршиман», «Тозалик ва озодалик бахш этаман» каби маънодаги ёзувларнинг ўзиёқ маҳсулот сифати ва самарадорлигидан яққол далолат беради.
Ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорларимиз халқимизнинг эҳтиёжини тўлиқ қоплаб, ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш йўлида меҳнат қилмоқда. Шу мақсадда маҳсулотнинг сифатини янада яхшилаш, турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажми, етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ва жўғрофиясини кенгайтириш устида тинимсиз изланмоқда. Демак, саноатимиз бундай дадил одимлар билан илгарилар экан, эртанги кунимиз бугундан гўзал ва обод, ҳаётимиз янада сермазмун, истиқболимиз бундан-да порлоқ бўлади.