ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун фойдалими?
Пойтахтимиздаги «Wyndham» меҳмонхонасида ўтказилган семинар Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини қайта йўлга қўйиш масаласига бағишланди.
Пойтахтимиздаги «Wyndham» меҳмонхонасида ўтказилган семинар Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини қайта йўлга қўйиш масаласига бағишланди.Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Жаҳон банки ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий давлат органлари, Жаҳон савдо ташкилоти, Тожикистон, Қозоғистон давлатлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, бугун Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи яна маҳаллий ва халқаро экспертларни фикр-мулоҳазалар ҳамда амалий мулоқотларга чорлаяпти.
Яқинда мамлакатимиз ҳукумати олий даражада Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини давом эттиришга тайёрлиги ҳақида хабар берди. Шу муносабат билан Ташқи савдо вазирлиги ҳузурида ЖСТга кириш бўйича масъул ишчи гуруҳ ва 7 ихтисослашган кичик гуруҳ ташкил этилди. Айни чоғда ЖСТга кириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда.
Хўш, мамлакатимиз бу ташкилотга аъзо бўлса, қандай имкониятларга эга бўлади? Фактларга кўра, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун 1994 йилда ариза топширган. Бугунги кунгача ЖСТ вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг 3 та сессияси бўлиб ўтган бўлса-да, шу вақтга қадар бу масалада аниқ келишув амалга оширилмаган.
– Ташкилотга аъзо бўлиш ёки бўлмасликнинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор эди, – деди Иқтисодий тадқиқотлар маркази илмий ходими Ашурали Худойназаров. – Негаки, аввал бу борада тушунча ва қарашлар бошқача бўлган. Лекин бугунги шиддатли жараёнда мазкур масаланинг ўртага ташланишини табиий қараш керак. Чунки бу ташкилот аъзо давлатлар ишончини оқлаб улгурган. Масалан, Хитой иқтисодиётининг жадал равнақида ЖСТнинг ўрни катта бўлди. Бундан ташқари, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ташкилот аъзоси ҳисобланади. Бугунги ўтказилган семинарнинг асл моҳияти ҳам шунга қаратилди. Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлса, қандай иқтисодий ўсишга эришади, деган савол бўйича фикрлар ва илмий таҳлиллар қилинмоқда. Бу жараёнда биз аъзо давлатлар тажрибаси, ютуқ ва камчиликларини ўрганамиз. Бу масалада ҳар жиҳатдан пухта ва аниқ ечимга келамиз. Бунинг учун биз орттирган билим ва малака қўл келади.
– Ўндан зиёд турли йўналишдаги битимлар асосида иш кўрадиган Жаҳон савдо ташкилотига 164 мамлакат аъзо бўлган, – деди USAID лойиҳасининг Жаҳон савдо ташкилоти ва савдо масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Йован Йекич. – Унга аъзо бўлган давлатлар маҳсулотини жаҳон бозорига чиқаришга эришади. Айниқса, бунда ташкилот халқаро инвестиция киритишга катта кўмак беради. Янги сармоя янги қулайликларни яратади. Инвестор комплекс янги технологияларини олиб келади. Бунинг натижасида корхоналар ривожланади ва қўшимча иш ўринлари яратилади. Рақобат муҳити ўз-ўзидан яхшиланиб боради. Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши ҳам мамлакатингиз иқтисодий ўсишини таъминлаб беради, деган ишонч билдираман.
Семинарда ЖСТга кириш бўйича халқаро, кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар, ЖСТ келишувлари бўйича низомлар, минимал мажбуриятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Семинар ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.