Жорий йил Ўзбекистонда 1 минг 800 гектар майдонда каврак плантациялари барпо этилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди.Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани ўрмон хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг йўл очмоқда. Жумладан, шу пайтгача яйлов сифатида фойдаланиб келинган тошлоқ, унумсиз ерлардан самарали фойдаланиш, пистазорлар барпо этиш орқали яшил ҳудудларни кенгайтириш, писта дарахти ҳосилга киргунча қатор ораларига доривор ўсимликлар экиб, қимматбаҳо хомашё етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар шу жиҳатдан аҳамиятлидир. Вилоятнинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида фойдаланилмайдиган ер майдонлари кўп бўлиб, уларда ҳар йили ўртача 350 гектаргача пистазорлар барпо этилар эди. Эндиликда биргина Узун туманидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги балансидаги ерларда 30 минг гектарда писта плантацияларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳага кўра, жорий йилда 2,5 минг гектар пистазор ташкил этилади. 2018-2020 йилларда пистазорлар 8 минг гектарга етказилиб, 2 минг иш ўрни яратилади.
Пистанинг илдизи етти метр чуқурликка кетади, минг йил умр кўради. Дарахтлар еттинчи йилдан нишона кўрсатади. 12-15 ёшида тўлиқ ҳосил бера бошлайди ва жами пистазорлардан олинадиган ҳосил 250 тоннани ташкил этади. Бу фақат пистанинг ўзидан йилига 15 миллиард сўм соф фойда, дегани.
Бундан ташқари, пистазорлар ҳосилга киргунча қатор ораларига биринчи маротаба каврак ўсимлигини экиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Россиянинг “ТК Комета” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Хўш, каврак қандай ўсимлик? Унинг хусусияти нимада?
Каврак доривор ўсимлик бўлиб, халқ табобатида бўғин, бронхиал астма, сариқ касаллиги, кўк йўтал, сил, диабет, қон кетишига қарши, тутқаноқ, инсон организмидаги гелминтларни йўқ қилиш ҳамда нафас қисишига қарши восита сифатида фойдаланилади. Юртимизда ҳар йили 8 тонна каврак хомашёси тайёрланмоқда. Ўсимликни маданий ҳолда етиштириш маҳсулот ҳажмини кескин кўпайтириш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллиард сўм бўлиб, шу йил 2,5 минг гектарга, 2018-2020 йилларда 8 минг гектарга (яъни пистазорлар орасига) экиш белгиланган. Кавракдан тўртинчи йилдан маҳсулот (шира) олиш мумкин. Ҳосилга киргандан кейин маҳсулот олиш ҳажми гектарига 40 тоннага етади.
1 килограмм каврак нархи 70 АҚШ долларига тенг. Асосий истеъмолчи давлатлар Ҳиндистон (йилига 3 минг 200 тонна) ва Хитой (500 тонна)дир. Лойиҳани амалга ошириш натижасида қўшимча 500 иш ўрни яратилади.
4 йилдан сўнг олинадиган йиллик даромад 23 миллиард сўмни ташкил этади.
Мамлакатимизда ёввойи ҳолда ўсувчи кавракнинг қирққа яқин тури учрайди. Унинг 7 тури, яъни сумбул каврак, тугунакли каврак, қизилқум кавраги, Пратов кавраги, Федченко кавраги, Коржинский кавраги ва ўринбосар каврак Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Кавракнинг Қизил китобга киритилмаган 3 тури саноат аҳамиятига эга бўлиб, улар сассиқ каврак, кўҳистон кавраги ва шаир-кавракдир.
Сассиқ каврак Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг адир ва чўл ҳудудларида ўсади. Кўҳистон кавраги Деҳқонобод, Бойсун, Узун туманларининг тоғолди адирлари ҳамда қисман Фориш ва Нурота туманларидаги тоғолди ҳудудларда учрайди.
Сассиқ каврак ва кўҳистон каврагининг шираси антисептик хусусиятга эга бўлгани боис Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Осиёнинг бошқа кўплаб давлатларида озиқ-овқат зиравори сифатида, фармацевтика саноати, ўсимлик касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашда қўлланилади. Ўсимлик асосан МДҲ давлатлари, Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, қисман Европа мамлакатларига экспорт қилинади.
Президентимиз бундай лойиҳалар учун жуда катта имконият, энг муҳими ер борлигини, ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўрмон хўжаликлари даромадини жорий йилда 100 миллиард сўмга етказиш, келгуси йилларда бу кўрсаткични 4-5 баробарга ошириш зарурлигини таъкидлади. Барча ўрмон хўжалиги ерларини ҳисоб-китобдан ўтказиш, улардан келаётган даромад тўлиқ давлат бюджетига тушишини назорат қилиш кераклигини қайд этди.
Илгари ота-боболаримиз ковул, каврак каби ўсимликларни яхши билган. Аммо замондошларимизнинг аксарияти улардан хабардор эмас. Бу ўсимликларни етиштириш учун илм, қишлоқ хўжалиги маданияти зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Тармоқни ривожлантириш учун 10 йилга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқиш, Каврак ўсимлиги хомашёсини етиштириш ва экспортини амалга ошириш уюшмасини ташкил этиш кераклиги қайд этилди.
Соҳа учун қадрлар тайёрлаш ҳам долзарб. Шунга мувофиқ, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидаги қишлоқ хўжалик коллежларида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, каврак плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсини қайта ишлаш ҳажми ҳамда экспортини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
2018 йил мамлакатимизда 1 минг 800 гектар майдонда каврак плантациялари барпо этилади. Каврак ўсимлиги хомашёсини экспортга йўналтириш ўрмон хўжалигидан олинаётган даромадларни ошириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳожимурод Толипов,
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси
бошқарма бошлиғи.