Жаҳоннинг энг кучли бокс мактаблари Ўзбекистонга интилмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвон ва медаллар билан тақдирланган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвон ва медаллар билан тақдирланган эди.
30 сентябрь куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Тантанали маросимдан сўнг музаффар спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари билан суҳбатлашдик.
Баҳодир Жалолов, бокс бўйича жаҳон чемпиони, "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони соҳиби:
– Бундан уч йил олдин Президентимизга, албатта, жаҳон чемпиони бўламан, деб ваъда бергандим. Бунинг уддасидан чиққаним зўр иш бўлди. Ахир халқимиз тили билан айтганда, полвонман. Полвон эса бир сўзли бўлади. Энди чемпионат ҳақида айтсам, дастлаб украиналик Цотне Рогани енгдим, чорак финалда америкалик Ричард Торресни илк раундда нокаутга учратдим, ярим финал баҳсида россиялик Максим Бабанинни, сўнгги ҳал қилувчи финал жангида азалий рақибим қозоғистонлик Камшибек Конкабаевни мағлубиятга учратдим. Чемпионатнинг "Энг яхши боксчиси", деб эътироф этилдим. Отам раҳматли менинг жаҳон чемпиони бўлишимни орзу қиларди. Афсус, кўриш насиб этмади... Чекка туманда туғилиб ўсган бола бир кун келиб ўз вазнида дунёда тенгсиз бўлишини илгари орзу ҳам қилишмаган. Буларнинг бари мамлакатимизда спортга берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар самараси, деб биламан. Айниқса, ҳозиргина Президентимиз кўксимга «Ўзбекистон ифтихори» унвонини тақар экан, ўзимни нақ еттинчи осмонда ҳис қилдим. Бу менга янада куч-ғайрат, шижоат берди. Ўзимга ишонч берди. Энди Токио олимпиадаси лицензиясини қўлга киритиб, у ерда ҳам чемпион бўлмасам, уят бўлади.
Миразизбек Мирзахалилов, бокс бўйича жаҳон чемпиони, "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони соҳиби:
– Тўғриси, ҳеч бир жанг осон бўлгани йўқ. Рингдаги рақибларимиз Куба, АҚШ, Россия, Қозоғистон каби кучли бокс мактаби вакиллари эди-да. Улар ҳам нимагадир ишониб келган, чемпион бўлишни истайди. Шундай бўлса-да, бизга яратилаётган шароитлар, билдирилаётган ишончларни оқлаш учун ортимизда Ватан шаъни турганини ҳис этиб жанг қилдик. Президентимиз «Ўзбекистон ифтихори» унвонига муносиб кўрганидан хурсандман. Энди чемпионликни сақлаб қолишимиз керак. Чунки, навбатдаги мусобақаларда ҳар бир мамлакат терма жамоаси бизга қарши алоҳида тайёргарлик кўриб рингга чиқади.
Марат Қурбонов, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони соҳиби:
– Аввало, шундай юксак унвонга муносиб кўрганлари учун Президентимизга миннатдорлик билдираман. Йигитларимиз чорак финал, ярим финалга чиққанида Ирландия, Россия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Венгрия, Куба терма жамоалари бош мураббийлари ёнимга келиб, Ўзбекистонга бориб сизлар билан машғулот ўтказсак, деб илтимос қилишди, Олимпиадага бирга тайёргарлик кўрсак, дейишди. Мен қирқ уч йилдан бери мураббий бўлиб ишлайман. Орзу қилардим, терма жамоамизни хориж давлатларига олиб бориб маҳоратини оширишни, яхши ютуқларга эришишни. Шукрки, яратилган шароит, қўлга киритилаётган натижалар сабаб, бугун бокс бўйича етакчи давлатлар вакиллари ўзлари бизга таклиф билан чиқишмоқда. Бизга тан беряпти, зўрлигимизни кўряпти-да. Бу мамлакатимизда спортга берилаётган эътибор туфайлидир. Буёғи янаям зўр бўлишига ишонамиз. Энди Тошкент вилоятидаги "Янгиобод" базасида замонавий машғулот заллари, меҳмонхона, ошхона қурилиши режалаштирилган. Насиб этса, билдирилган ишончни оқлаб, Токио Олимпиадасида ҳам муносиб иштирок этамиз.
Шаҳобиддин Зоиров, бокс бўйича жаҳон чемпиони, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони соҳиби:
– Биз, спортчиларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик, яратиб берилаётган шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдираман. Шу имкониятлар сабаб, жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлдим. Ҳозиргина Президентимиз қўлидан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонини олдим, мендан бахтиёр инсон йўқ. Шу даражага етишимда доимо ёнимда камарбаста бўлган ота-онам, мураббийларимга ҳам минннатдорлик билдираман. Шу билан тўхтаб қолиш йўқ. Токио Олимпиадасида ҳам юқори натижага эришишга ваъда бераман.
Бобо-Усмон Ботиров, бокс бўйича жаҳон чемпионати бронза медали совриндори, "Келажак бунёдкори" медали соҳиби:
– Ўн беш йилдан бери бокс билан шуғулланаман. Мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар туфайли Ислом бирдамлик ўйинлари, Осиё ўйинлари, Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритганман. Жаҳон чемпионатида ҳам совриндор бўлдим. Президентимиз ўз қўллари билан кўксимга медаль тақиб қўйдилар. Жаҳон чемпионати рингларида ғалаба қилганимда ҳам бунчалик ҳаяжонланмаган эдим. Ўзимни дунёдаги энг бахтиёр спортчи деб ҳис қилдим. Бунинг учун Президентимиздан жуда миннатдорман. Давлатимиз раҳбарига ўзим туғилиб ўсган Жиззах вилояти Пахтакор туманида Бобо-Усмон спорт мактабини очиш ва у ерда чемпионлар тайёрлаш ниятида эканимни айтдим. Президентимиз қўллаб-қувватладилар. Бу менинг ҳаяжоним ва ўз кучимга бўлган ишончимни янада оширди.
Дилшодбек Рўзметов, бокс бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, "Келажак бунёдкори" медали соҳиби:
– Мен терма жамоанинг энг ёш аъзосиман. Энди йигирмага кирдим. Жаҳон чемпионатида катталар терма жамоаси сафида илк бор иштирок этиб, кумуш медаль билан тақдирландим. Тўғриси, бироз тажриба етишмади, бўлмаса мен ҳам чемпион бўлардим. Лекин кейинги чемпионатда энг юқори шоҳсупани эгаллашга ваъда бераман. Насиб этса, Олимпиада ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламан.