Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?
Маълумки, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) – мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади.
Маълумки, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) – мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади.
Хўш, ушбу ташкилотнинг асли вазифаси нималардан иборат? Глобал дунё учун қандай аҳамият касб этади? Унга аъзо бўлиш қанчалик самара келтиради? Келинг, қуйида шулар ҳақида фикр юритамиз.
Вазифалар ва кутиладиган натижалар...
Аввало қайд этиш лозимки, ЖСТ (WTO, ингл. World Trade Organization) асосий мақсадларидан бири ўзини-ўзи ҳимоя қилишнинг олдини олиш ва протекционизм қўлланишини бекор қилишдан иборат. Мазкур ташкилот халқаро тижорат учун қулай ҳуқуқий тизимни тақдим эта оладиган чексиз имконият эшиги. Ўзаро қабул қилинган муҳим ҳужжатлар давлатларнинг ўз савдо сиёсатларини келишилган мезонларда олиб боришларида масъулият юклайди. Бундан кўзланган мақсад – жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишда товарлар ва хизматларни ишлаб чиқувчилар, экспортёр ва импортёрларга кўмак беришдир.
Халқаро савдони либераллаштириш, савдо битимларининг одиллигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш ва халқ фаровонлигини ошириш ЖСТнинг асосий функциялари сирасига киради. ЖСТ унга аъзо бўлган мамлакатлардан ички бозорни эркинлаштиришни қатъий талаб қилади. Ушбу вазифани бажариш эса унчалик осон кечмайди. Сабаби, арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи чет эл корхоналарига рақобат қила олмаган миллий корхоналар таназзулга учраши айни ҳақиқатдир.
Шундай экан, Ўзбекистон учун кутиладиган натижа нима бўлади? Албатта, ҳар бир ишнинг самарадорлиги ўша давлат, муҳитдаги яратилган шароитлар ва тайёргарлик даражасига чамбарчас боғлиқ кечади. Бунинг учун:
– иқтисодиётни эркинлаштириш ва саноат тармоқлари баравар ривожланишини тартибга солиш;
–нарх-навони тартибга солиш ва мақбул солиқ тизимини вужудга келтириш; алоҳида секторлар ва ишлаб чиқаришда субсидияларни сақлаш;
– товарларни стандартлаш ва сертификация қилиш тизимини тартибга солиш; хориж сармоялари жозибадорлигини ошириш;
–импорт ва экспорт бож тўловлари тарифини тартибга солиш талаб қилинади.
Ҳар бир давлатнинг бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни ўртача 8–10, баъзи давлатлар учун эса 10–15 йилни ташкил этади. Ўзбекистон 1995 йилда ариза топширган бўлишига қарамасдан, фақат 2017 йилдан бошлаб, ижобий силжиш кузатиляпти. Лекин устувор соҳаларнинг бошқаруви 30 йилдирки, монополистларнинг қўлида турибди. Масалан, транспорт соҳасида ягона авиакомпания, темирйўл компанияси хоҳлаган нархини ўрнатади, жамият, давлатчилик улар билан самарали кураша олмайди. Бундан Ўзбекистон иқтисодиёти кўп йилдирки, азият чекмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, дунёнинг энг катта иқтисодиёт эгалари – АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари, Хитой, Япония каби мамлакатлар ЖСТдан унумли фойдалана олади. Кичик давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам бу имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаслиги уларнинг умумий ресурсларига бориб тақалади. Мамлакатимизнинг ЖСТга аъзолиги ЕОИИнинг тартиб-қоидалари ва монополиясига тушиб қолмасликнинг олдини олади, деб ҳисоблаймиз. Ички монополистлардан қутулиш муаммоси ҳал бўлади. Халқаро даражада эркин рақобат тизими ўз-ўзидан яратилади.
Тарихи ва тузилиши қандай?
Мавзуни кенгроқ очиб беришда мазкур ташкилотнинг тарихи ва таркибий тузилишига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. ЖСТга 1995 йил январида асос солинган. 1994 йил 15 апрелдаги Марокаш декларациясида «унинг натижалари жаҳон иқтисодиётини мустаҳкамлайди ва бутун дунёда савдони, инвестицияларни кенгайтириб, ишчи кучи бандлиги, даромадларнинг ўсишига олиб келади. Шунингдек, у жамоавий баҳслар, музокаралар ва тақдимлаш орқали мамлакатлар орасидаги савдо алоқаларини ривожлантирувчи платформа ҳисобланади», деб ёзиб қўйилган.
1994 йилдаги маҳсулотлар савдоси ҳақидаги битим, хизматлар савдоси ҳақидаги бош битим, интеллектуал мулк ҳақидаги битим Жаҳон савдо ташкилотининг таркибий қисмларига киради. Мазкур ҳужжатлар аъзо мамлакатларнинг парламентлари томонидан тасдиқланган.
1995 йилдан фаолиятини бошлаган бу ташкилотга айни вақтда аъзо бўлган 164 давлат учун янги бозорлар очиқ ҳисобланади. Ўндан зиёд турли йўналишдаги битимлар унинг норматив-ҳуқуқий базасини ташкил этяпти. Мазкур ҳужжатлар талабини бажариш ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий саналади. Аъзо бўлишни истаган давлатлар ўз миллий қонунчилигини уларга мувофиқлаштириши керак бўлади.
Ташкилотда қарорлар иштирокчи мамлакатлар ёрдамида консенсус – умумий овоз бериш орқали қабул қилинади. Низомда қарор кўпчилик овозлар эвазига қабул қилиниши белгилаб берилган бўлсада, ҳозирда бундай воқеа ташкилот тарихида юз бермади. Қарорлар қоидага кўра, икки йилда бир марта чақириладиган Вазирлар конференцияси томонидан қабул қилинади. Бораётган ишлар борасида жавобгар бўлган Бош кенгаш йиғинларини ташкилотнинг маъмурий қароргоҳи жойлашган Женева шаҳрида бир йилда бир марта ўтказади. Йиғилишларда ташкилотга аъзо мамлакатлар вакиллари, элчилар иштирок этади. Бош кенгаш қошида низоларни ҳал этиш ва савдо сиёсати таҳлиллари билан шуғулланадиган органлар бор (жами 650 ходим ишлайди). Бундан ташқари, унинг таркибида савдо ва ривожланиш бўйича қўмита, савдо баланси борасида чекловлар ўрнатувчи қўмита ҳамда бюджет, молия ва маъмурий масалалар билан шуғулланадиган қўмита фаолият юритади. Бош кенгашдан қуйи поғонада яна учта кенгаш: товарлар савдоси бўйича кенгаш, хизматлар савдоси бўйича кенгаш ва интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича кенгаш фаолият юритади .
Афзалликлар кўп, муаммолар-чи?
Ташкилотга аъзо бўлишнинг ижобий жиҳатлари кўп.
Биринчидан, унинг замирида иқтисодий манфаат туради. Яъни, тўсиқларсиз ўзаро маҳсулот айрибошлашга эришилади ва товар айрибошланиши юксак технологияларнинг қўлланилиши ҳамда ривожига ҳисса қўшади.
Иккинчидан, халқнинг турмуш даражасини яхшилашга туртки беради, инсонларга сифатли маҳсулот истеъмол қилиш имконини яратади.
Учинчидан, экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳисобига миллий маҳсулотлар таннархи туширилишига хизмат қилади.
Тўртинчидан, миллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, бюджетга пул тушумларини кўпайтиради, савдо либераллашуви мамлакат ва алоҳида ватандошларимизнинг даромадларини оширади.
Бешинчидан, меҳнат бандлигига ижобий таъсир этади.
БМТга аъзо аксар давлатлар ЖСТга ҳам аъзо бўлиб кирган. Масалан, Россия Федерацияси 19 йиллик кутишлардан кейин 2012 йилда, Қирғизистон 1998 йилда, Тожикистон 2012 йилда, Қозоғистон 2015 йилда аъзоликка қабул қилинди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ЖСТга аъзоликни «энергетика мустақиллигига эришиш ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш» сари ташланган муҳим қадам, деб баҳолаган. Аммо бу жараён силлиқ кечади, дегани эмас. Демак, ҳукумат биринчи навбатда маҳаллий ширкатларни ҳимоя қилишга қаратилган жиддий тадбирларни ишлаб чиқиши керак бўлади.
Бу ўринда ташкилотга аъзоликнинг афзалликларини Хитой давлати мисолида кўриб чиқиш айни муддаодир. Хитой 15 йиллик мураккаб музокаралар олиб боргандан сўнг, ушбу келишувлар асосида 2001 йил 11 декабрда ташкилотга 143-аъзо бўлди. Бироқ ҳукуматга бу борада қатор оғир ва машаққатли талабларни илгари суришди. Тарифни пасайтириш, АҚШ компаниялари учун зарур бўлган саноат маҳсулотлари учун тарифларни 25 фоиздан 7 фоизгача қисқартириш, Америка фермерлари учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини 31 фоиздан 14 фоизгача арзонлаштириш, банк сектори, суғурта, телекоммуникация ва касбий хизматлар каби муҳим соҳалардаги қатор тармоқларни кенг миқёсда очиш, тизимли ислоҳотлар олиб бориш, ошкоралик масаласида чуқур ислоҳотларни ўтказиш, Хитойда фаолият юритаётган хорижий компанияларга тўсиқларни бартараф этиш шулар жумласидандир.
Кўриниб турибдики, Хитойнинг ЖСТга аъзо бўлиши билан боғлиқ асосий муаммо бозорга кириш имконияти эмас, балки иқтисодий режимнинг шаффофлиги, ҳуқуқий, маъмурий ва институционал тизимни шакллантириш мажбуриятларини бажариш механизми бўлганди.
Музокараларнинг якуний босқичида ХХРга яна ушбу вазифалар ҳам қўйилди: экспортни режалаштириш ва экспорт-импорт режаларини амалга ошириш сиёсатини режалаштириш тизимини бекор қилиш; ташқи савдо режимининг шаффофлиги, лицензиялаш ва квота тизими, давлат харидлари бозори, хорижий ишбилармонларга ички бозор хизматларидан фойдаланишни эркинлаштириш; экспорт субсидияларини олиб ташлаш; давлат корхоналари молиявий қўллаб-қувватлашдан воз кечиш ва қишлоқ хўжалигини ҳимоя қилиш.
Мазкур таҳлилдан хулоса шуки, Ўзбекистон зиммасига ҳам ЖСТ томонидан сиёсат ва иқтисодда очиқликни таъминлаш, экспорт-импорт ва бошқа иқтисодий тизимларда режалаштиришдан воз кечиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича давлат монополиясини бекор қилиш юкланади. Аммо Хитой бу шартларни қабул қилишни давр зарурати, жаҳон иқтисоди қоидасини ҳурмат қилиш, деб тушунди. Шунчалик мураккаблик бўлишига қарамасдан, Хитой ҳукумати ЖСТга аъзо бўлишнинг қийинчиликларидан кўра, имкониятлари кўпроқ бўлишига қаттиқ ишонди.
Тарихий қарорга келганидан сўнг, мамлакат икки масалада ютди: ЖСТга аъзолик туфайли 2008 йилда бошланиб, ҳозирга қадар давом этаётган жаҳон молиявий инқирози шароитида арзон бўлган Хитой моллари учун чекловли квоталар олиб ташланди, халқаро меҳнат тақсимотидаги энг фойдали жиҳати – арзон ишчи кучини экспорт қилишга эришилди. Ҳозирги кунда хорижда ишлаётган 70 миллион муҳожир (Гонконг ва Тайвандан ташқари) йилига тахминан 70 миллиард доллар маблағни Хитойга юбориб туради.
Шу ўринда, мамлакатимиз учун бу борада қандай муаммолар юзага келади, деган ҳақли савол туғилади. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги божхона солиқларини 8–10 фоизгача қисқартиришига олиб келади. Бундан эса давлат бюджети зарар кўради. Бироқ ўз навбатида, божхона тарифларининг кескин қисқариши Ўзбекистон бозорларида маҳсулотларнинг арзонлашувига хизмат қилади.
Иккинчидан, иқтисодиётни либераллаштириш, саноатни хусусийлаштириш, бозор эркинлигига давлат аралашувини чеклаш борасида тугалланмаган ишлар турибди.
Учинчидан, республика ичкарисида маҳсулот ишлаб чиқариш фалаж ҳолига келиб қолиш эҳтимоли бор. Мисол учун, пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ўзбек фермерлари арзон ва сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи Хитой, Ҳиндистон, БАА савдо ширкатларига рақобат қила олмасдан, касодга учраши мумкин. Оқибатда қишлоқ хўжалигида инқироз кучайиб, минглаб гектар ерлар бўш қолиши, деҳқонлар, полизчилар учун маҳсулот ишлаб чиқариш даромадсиз соҳага айланиб, илғор мамлакатларда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатли маҳсулотлар сотилишига олиб келади. Бу эса 70 фоиз аҳолиси қишлоқларда яшайдиган юртимиз учун қўшимча муаммоларни туғдиради.
Интеллектуал мулк ҳуқуқи тизими ва бозорининг шаклланмаганлиги, ихтироларни амалиётда қўллаш, қароқчи (пират) маҳсулотлар бозорининг авж олганлигини бартараф этиш йўналишида ҳам муаммолар тўпланган.
Хусусан, адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилишга доир Берн конвенцияси (1971 йил 24 июлда қабул қилинган Париж ҳужжати), «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунига биноан, республикамиз ва чет эл муаллифларининг яратилган асарларини ноқонуний такрорлаш – лицензиясиз (қароқчи) маҳсулотдан фойдаланиш, контрафакт маҳсулотларни CD, DVD, VCD, VHS, mp3 шаклидаги дискларга кўчириб қалбаки нусхасини бозорларда бемалол сотиб, даромад кўриш ҳолатлари республикамиз миқёсида авж олган. Савдога оид интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳақидаги битим (TRIPS), ғоя ва ихтиролар учун адолатли рақобат муҳитини яратиш, ноҳалол рақобат мажбуриятлари бўйича ҳам қатор вазифалар ҳамон ечилмаган.
Хитойдек бўла оламизми?
Энди Ўзбекистон тажрибасида ЖСТга аъзо бўлиш афзалликлари ва айрим камчиликларимиз хусусида мулоҳаза юритсак. Бугунги кунда экспертлар гуруҳи («Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2018 йил 24 декабрдаги ҳукуматнинг 1040-сон қарори) тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасадди бўлган махсус комиссия сезиларли ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга оширганига шубҳамиз йўқ. Шундай бўлсада, бу борада матбуотда етарли ахборот берилмаганлиги боис, таҳлилимиз асосида қуйидаги ишларни амалга ошириш зарурлигига эътиборингизни қаратмоқчи эдим.
Биринчидан, мамлакат фуқаролари ижтимоий гуруҳларида даромадлар даражасининг жиддий фарқланиши «бўшлиқ»ни юзага келтиряпти. Худди шу «бўшлиқ» бошқа соҳаларда ислоҳотларни ўтказишга халақит бермоқда.
Айни чоғда мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12–15 фоиз атрофида эканлиги маълум қилинди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Бизнингча, муа ммонинг ягона ечими шуки, «Яшаш минимуми тўғрисида»ги Қонун ва концепцияни тезроқ қабул қилишимиз лозим. Юқоридаги комиссия «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми»ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини тугаллаши мақсадга мувофиқ. Ҳозирги мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, мазкур қонунга эҳтиёж кундан-кунга ошиб бораверади.
Иккинчидан, ана шу муаммонинг тан олган ҳолда, ЖСТга аъзоликни истаб, яқин йилларда эркинлаштириш ва рақобатни жадаллаштириш дастурларини қўллагудек бўлсак, жамиятда ижтимоий муаммолар бадтар кўпаяди. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 4 миллионгача бўлган фуқароларнинг ишламаслиги, қишлоқ жойларида ишсизларни қўшган ҳолда, уларнинг сони тахминан 6 миллионга етиши, Россияда 3 миллион кишининг мавсумий асосда ишлашини ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишидан энг кўп зарарни қишлоқ аҳолиси кўради.
Учинчидан, 2010–2019 йилларда ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг аҳоли жон бошига динамикаси бир текис ривожланмагани, 2017 йилда бу кўрсаткич 1491 АҚШ долларини ташкил этгани, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши натижасида Хитой тажрибасида бўлгани сингари ишсизлар сонининг кўпайиб кетишига ва субсидиялар асосида молиялаштириладиган машинасозлик, деҳқончилик тармоқлари аҳволининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Тўртинчидан, мамлакат йирик тармоқларининг бу иқтисодий жараёнга тайёр эмаслиги, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ички бозор нархлари ташқи бозор нархларидан юқори эканлиги билан характерланади. Оддий мисол: 2020 йил июль ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UzAuto Motors” АЖда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши бўйича депутат сўрови кўриб чиқилди. Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлади. Унга кўра, автомобиллар нархлари 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланди.
Бунга ўхшаган ҳолатни монополлиги бот-бот айтилаётган “Artel”, “Akfa”, “Imzo” каби ўнлаб акциядорлик жамиятлари маҳсулотлари нархида кўрса бўлади. Ўзбекистон ташкилотга қўшиладиган бўлса, ижобий жиҳат шуки, 1996 йилдан бери “UzAuto Motors” каби автомобиль саноатидаги протекционизм сиёсатидан воз кечилишига, монополия тугатилишига ва аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига эришилади.
Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга киришини тезлаштириш бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига БМТнинг Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Жаҳон банки, Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ агентлиги (USAID), Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIS) техник кўмак бераётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 7 июль куни Швейцариянинг Женева шаҳрида видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов бошчилик қилган. Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо режими тўғрисида кенгайтирилган Меморандум муҳокама қилинди.
Янгича ёндашувлар ва истиқбол йўли
ЖСТ – глобал платформа, ундан мамлакат яхши фойда кўради. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишдаги имкониятларини қисқача баҳоласак, булар – кейинги йилларда жиддий ислоҳотларни бошидан кечирган туризмнинг ривожланиши, интеграциялашув имкониятлари ортиши, нотариф чекловларнинг камайиши, иқтисодиётда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улушининг ошиши, иқтисодиётда давлат монополиясининг қисқаришида кўзга ташланади. Лекин бу масаланинг ташқи тарафи, шакли, холос. Бизнингча, асосий масала ички ташкилий-тузилмавий ва технологик тарафида – мазмунида бўлиб қолган.
Хулоса шуки, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилот вакиллари билан музокаралари 2-3 йилга чўзилиши эҳтимоли мавжуд. ЖСТга аъзолик масаласи осон ҳал бўлмайди, олдинда жуда мураккаб босқичлар турибди.
Бир мақолада масаланинг барча жиҳатларини батафсил ёритишнинг имкони йўқ. Мавзу ва муаммолар кўлами шу қадар кенгки, уларнинг бирортасини кўздан қочириш янги муаммони келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, тоғ-кон, нефть-газ саноати, энергетика, темирйўл, ҳаво йўллари соҳаларида хусусийлаштириш ҳали охирига етказилмаганлиги жиддий муҳокама қилинади.
Энг муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон биринчи навбатда ўзининг ички иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилиши керак. Геоиқтисодиёт билан ҳам жиддий шуғулланишга тўғри келади. Бир вақтнинг ўзида икки ташкилот кузатувчиси сифатида ҳам ЖСТ, ҳам ЕОИИ билан ҳамкорлик қилинаётганлиги раҳбарият олдида ўта мураккаб вазифаларнинг оқилона ечимини топишни кўндаланг қўяди. Ушбу долзарб масалаларнинг ижобий ечимига эришиш учун Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт йўли ва юксак фаровонлигига хизмат қиладиган янгича ёндашув ҳамда қарашлар белгилаб олинади, деб ишонамиз.
ЖСТга аъзолик, аввало, монополист бошқарувига барҳам беради ва эркин рақобат муҳитини яратади.
Бундай дадил қадам эса юртимиз истиқболи учун, шубҳасиз, муҳим роль ўйнайди.
Бахтиёр ОМОНОВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори