Жўнатилмаган мактуб...
Аслида, мен бу мактубни туғилган куни муносабати билан Саид Аҳмадга ёзмоқчи эдим.
Саид Аҳмад таваллудининг юз йиллигига
Аслида, мен бу мактубни туғилган куни муносабати билан Саид Аҳмадга ёзмоқчи эдим. Лекин Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси, беозор кулгиси-ю бири-биридан залворли асарлари билан элимиз эъзозига эришган санъаткор адиб Саид Аҳмадни оташнафас шоира, вафо ва садоқатнинг бемисл тимсолига айланган Саида Зуннуновасиз тасаввур қила олмадим. Шунинг учун ҳам ушбу номани икки вужуддаги бир қалбга, бир-бирисиз яшамаган, яшай олмаган Саид ва Саидага бағишладим...
Тақдирнинг ўзи ҳаётда ҳам, ижодда ҳам қўш кабутарга айлантирган, қўш вужуддаги ягона қалбни айро кўришнинг ўзи инсофдан бўлмас эди. Ахир, ҳаммаси жуда оддий бошланган бўлса-да, толе сизларни ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражадаги чиройли муҳаббат тарихи учун танлаган эди-да...
Икковингизнинг бутун халқни бирлаштирган, ёш-ялангу кексалар елкама-елка туриб заҳмат чеккан Катта Фарғона канали қурилиши даврида учрашишингизнинг ўзида ҳам бир ҳикмат бордек, назаримда. Ўша йилларда Ёшлар газетаси мухбири бўлиб ишлаган Саид Аҳмаддан бир неча китоб сўраб мурожаат қилмаганингизда, эҳтимол, бирда бахтдан бошингиз аршда, бирда ғамдан бошингиз хам бўлиб, меҳрга кўмилиб яшаш насиб этмаслиги ҳам мумкин эди.
Ажабо, тирикчиликнинг зил юкини гарданига олиб, бош суқмаган эшиги, қилмаган иши қолмаган, лекин ҳаётини китобсиз тасаввур қилолмайдиган икки оташ қалбнинг туташувига, икки ишқ ирмоғининг бир ўзанга қўшилиб оқишига айнан китоб сабаб бўлганди.
Дарҳақиқат ҳаёт биз ўйлаганимиздан анча душвор. Йўқса, қувонч карвонини қувлаб қайғу келармиди? Бахтнинг бўйларига боқиб тўймасдан бахтсизлик эшикдан мўралармиди? Эҳтимол, Саидахоним, «Афтидан, мен машаққатларни кўтариш учун яралганман...», деганингизда ҳаётингизда кулгиликлардан кўра кўргиликлар кўпроқ бўлишини олдиндан кўра билгандирсиз...
Толенинг шўришини кўрингки, ҳатто шоён шодликлари, завқиёблиги билан бир умр эсда қоладиган тўй куни ҳам оқшом кўйлагини аза кўйлагига алмаштирганингиз, эндигина ўн етти баҳорни қаршилаган суюкли укангиз Насибжоннинг тўсатдан вафот этиши, онангиз Сабоҳатхон аянинг қизининг тўйида даврон суриш ўрнига, Андижонга, ўғлининг дафн маросимини ўтказиш учун қайтиб кетганини эсласам, қуруқшаб бораётган лабларим шоирнинг дардли сатрларини пичирлайди:
«Сен бешик эмассан,
дорсан, табиат,
Сен она эмассан,
жаллодсан, дунё!»...
Афтидан, бу қоп-қора қайғу қатимига минг битта машаққатдан тизилган маржонларнинг бири экан, холос. Йўқса, яхши ниятлар билан бошланган тўйдан кўп эмас, оз эмас уч ой ўтар-ўтмас Саид Аҳмадга «халқ душмани» деган ноҳақ айблов қўйилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилармиди? Саидахоним, ўша вақтлардаги қийин аҳволингизни, тақдирнинг бундай гурзинарвон зарбаларига қандай матонат билан, дош берганингизни чексиз ҳурмат билан беихтиёр кўзларимда ёш билан ёдга оламан...
Айниқса, бир ҳолат қайта-қайта кўз ўнгимда худди кино тасмасига муҳрлангандек гавдаланаверади. Беайб айбдор Саид Аҳмад ва «халқ душманининг аёли» Саида Зуннуновага, янаям тўғрироғи, Сизни уюшма аъзолигидан четлатишга бағишланган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раёсатининг навбатдан ташқари мажлиси. Ўзини терговчидек ҳис қилган уюшма раиси Сизни турғизиб қўйиб, сўроққа тутиб: «Нима учун сиз ҳануз халқ душмани бўлмиш ўз эрингиздан воз кечмадингиз? Сиз ёзувчилар шаънига доғ туширяпсиз. Котибият аъзолари эрингиздан воз кечишингизни талаб қилишяпти», дея тутуруқсиз саволлари исканжасида ёрига вафодор мардона аёл бўлиб тургансиз...
Лекин бу нотавон кас на отадан эрта айрилиш азоблари, на уруш ва урушдан кейинги қийинчиликлар қаддини эголмаган, кетма-кет келган кулфатлар кўнглини синдириб, руҳини сўндиролмаган матонатли қалбга қўрқув бегона бўлишини қайдан ҳам билсин! Шунинг учун бўлса керак, Сизнинг ягона жавобингиз: «Мен бундай йўл тута олмайман!», дея жасорат ила айтган сўзларингизни эшитган заҳотиёқ у шалвираб қолди...
Сиз эса мағрур, жўшқин қон гупириб турган қаддингизни тик тутганча издиҳомни тарк этдингиз. Тўппа-тўғри почтага бориб, бетамиз раис номига аламга тўла хат ёздингиз. Бошқа конвертга Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган рухсатномани солиб, кадрлар бўлимига юбордингиз. Сизнинг ғурурингизни топтамоқчи бўлганларнинг қиличи синди, обрўйингизни тўкмоқчи бўлганлар оёғингиз остига хазондек тўкилди.
Бироқ... бироқ Сиз очиқда юриб ҳам, «сиёсий маҳбус» сифатида панжара азобини тортаётган жуфти ҳалолингиздан ҳам кўпроқ азобларга дучор этилдингиз. Сиз учун барча эшиклар ёпилди. Ўқишдан, ишдан ҳайдашди. На шеърингиз босилар, на китобингиз чиқарди. Сиз имдод кутиб борган даргоҳлар дардингизга дард қўшарди, холос. Ноҳақликлар жон-жонингиздан ўтиб кетгани ҳам рўйирост. Ўз онангиздек бўлиб қолган қайнонангиз билан кечирган мусибат тўла кунларнинг қай бирини айтай? Ахир, бундай зилмонда юкни бир одам кўтариши учун ўзингиз ёзгандек, инсон фил бўлиши керак!
Сиз қатъиятда қоядек мустаҳкам, иродали аёл сифатида турмуш ўртоғингиз ноҳақ қамалганига, порлоқ кунлар келишига ишондингиз. Рўзғорни тебратиш учун ижодкорларнинг асарларини машинкада ёзиб бердингиз, одамларнинг қадами узилган, қариндош-уруғларнинг дашномларига эътибор бермай, зулматнинг чекинишидан умид қилдингиз. Ва умидларингиз зое кетмади. Сизнинг Саидингиз, сизни севган, сиз учунгина яшаган ва қатағоннинг қонсираган қиличидан омон чиққан Саид Аҳмад қўрқув салтанатининг ҳукмдори вафотидан кейин оқланди. Яна сизнинг ҳаёт китобингизда рўшнолик саҳифалари битилди.
Ижодни соғинган, сўзга сиғинган икки қалб қўрида пишиб етилган асарлар кетма-кет китобхонлар қўлига етиб бориб, уларнинг қалбини забт эта бошлади. Соҳир қалам саховатидан шеърлар, достонлар, ҳикоя ва қиссалар, ҳатто салмоқли романлару трилогиялар туғилди. Унвонлар, ордену медаллар, мукофотлар ўз йўлига, энг муҳими, халқ меҳри, эл эъзози бўйнингизга гулчамбар бўлди.
Бироқ бу бахтнинг ҳам умри ниҳоятда қисқа бўлди. Энди синов даври Саид Аҳмадга етди. Аввал Саид Саидасини тарк этиб, сўнг қайтиб келган бўлса, Саидаси Саидини мангуга тарк этди. Бир-бирига суяниб, оғир-енгил кунларда сирдош, дарддош, ҳаммаслак бўлган бу икки ижодкорнинг айрилиғи жисман бўлса-да, бири иккинчисини доимо руҳан ҳис қилиб яшади. Кўз ўнгида унинг ажабтовур сиймоси ҳар лаҳзада гавдаланди...
ХХ аср ўзбек адабиёти босиб ўтган йўлни, маълум маънода, ҳақиқат излаш, инсон қалбига яқинлашиш йўли, деса бўлади. Саботли Саид Аҳмад ва садоқатли Саида Зуннунова ижоди бунга ёрқин мисолдир. Зеро, икковингиз ҳам умр бўйи ҳақ сўзни айтиб келдингиз ва қалб амри ила ёздингиз. Умрингиз мазмунига айланган ва асарларингиз меҳвари бўлган бу хислатлар нафақат ёш ижодкорларга, балки ҳар бир инсонга ўрнак бўлгуликдир. Зеро, турмуш ташвишлари, қалбларни кемирган қийинчиликларга қарамай, тинимсиз меҳнат қилган, ижод машаққатларидан ҳузур туйган метин иродали Саид Аҳмад ва сабрда синалган Саида Зуннуновадан бой адабий мерос қолди. Сизнинг бир умр Ўзбекистоннинг мустақиллигини орзу қилиб яшаганингиз, шу замин фарзанди сифатида, шу азиз Ватаннинг фидойи ижодкори сифатида қилган ҳаётий жасоратингиз барчамизга ибратдир. Қалбингиз қўрида етилган ва соҳир қаламингиздан тўкилган сатрларнинг ҳамон севиб ўқилаётгани ҳам шундан далолатдир.
Гарчанд, оғир хасталик сабаб орамиздан эрта кетган, дориламон кунларимизгача етиб келмаган бўлсангизда, Саид Аҳмад қалбида туриб мустақилликка эришганимиздан қувонганингизга ишонгим келади. Ахир,
ҳассос назми, самимий насри ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланиб қолган сиздек беназир адиба оламдан ўтганидан сўнг ҳам Саид Аҳмад ўттиз йил давомида ўз Саидасини қалбининг энг тўрида асраб келгани айни ҳақиқатку!
Бугун юртимиз чиройига кўрк бағишлаб турган Ўзбекистон Миллий боғи бағрида Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Адиблар хиёбонида худди бундан эллик йил олдингидек ижодий суҳбат қуриб ўтиришингиз ҳам Саид билан Саида тонгла маҳшаргача айрилмаслигидан, чораккам бир аср илгари бир-бирига талпинган икки дилнинг ҳамон вобасталигидан, юрт ишқига лиммо-лим қалбларнинг пайвасталигидан далолат бериб тургандек гўё...
Темур ҚУРБОН.
Манба: postda.uz