Инновацион ривожланиш вазирлигида тегишли ташкилотлар масъуллари, тиббиёт муассасалари вакиллари, халқаро мутахассислар ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари иштирокида “COVID-19. Вакцинация – эришилган ютуқлар, истиқболдаги режа ва мақсадлар» мавзуида илмий-амалий халқаро конференция ўтказилди.
Офлайн ва онлайн шаклда бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, вакцинация жараёни ҳақида сўз юритди.
– Бугунги илмий-амалий конференция бутун дунё мамлакатларида долзарб масала, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги энг самарали восита – вакцинация жараёнларига бағишланади, – деди Б.Мусаев. – Халқ саломатлигини сақлашда вакцинациядан кўра самаралироқ усул ҳали ўйлаб топилмади. Миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, касалликдан кейинги асоратлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида аҳолини оммавий эмлаш ишлари Ўзбекистонда ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда. Бугунги конференция тиббиёт соҳасидаги ўз ишининг усталарини бир жойга йиғди. Айнан шундай илмий-амалий конференциялар туфайли мутахассисларнинг малакаси ва аҳолининг вакцинация бўйича хабардорлиги ошади.
Конференция икки сессиядан иборат бўлиб, уларда таниқли олимлар коронавирусга қарши вакциналарнинг хусусиятлари, уларнинг турли штаммларга қарши самарадорлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовлари натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, вакцинанинг клиник олди тадқиқотлари 120 та кемирувчи ва 40 та қисқичбақа билан озиқланувчи макака маймунида ўтказилди. Эмлашдан кейинги тикланиш даври икки ҳафта этиб белгиланди. Бу вақт оралиғида ҳайвонлар тўлиқ текширувдан ўтказилди. Натижалар рекомбинат янги коронавирус вакцинаси юқори даражадаги антигенга хос титерлар чиқарилишига туртки бериши мумкинлигини кўрсатди. Эмлашдан сўнг ҳайвонларда IgG антитаналар, вакцинанинг яхши иммуногенликка эга эканлигини кўрсатди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари натижалари хитойлик ҳамкорлар томонидан жорий йилнинг 27-28 август кунлари Хитой фонд бозорида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Рейтер ахборот агентлиги сайтларида эълон қилинди.
3-дозадан сўнг вакцинанинг самарадорлиги барча штаммлар учун умумий 81,76 фоиз , “британча” штаммга қарши эса 92, 93 фоизни ташкил этди. Мазкур вакцина ўлим ва оғир ҳолатларга қарши 100 фоиз самарадорлигини кўрсатди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқариш жараёни акс этган видеоролик мутахассислар эътиборига ҳавола этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА