Ўзбекистонда олий таълимнинг келажаги қандай бўлади?
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) дунёнинг 2019 йилдаги “Энг ўқимишли мамлакатлари” рейтингини эълон қилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) дунёнинг 2019 йилдаги “Энг ўқимишли мамлакатлари” рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтингда дунёнинг энг кучли 40 та мамлакати ўрин олган.
Мазкур рейтингга кўра, Канада 56,71 фоизлик олий маълумотли аҳолиси билан биринчи, 51,44 фоизлик кўрсаткич билан Япония иккинчи ва 50,92 фоиз аҳолиси олий маълумот билан қамраб олинган Исроил учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Шу ерда қизиқарли маълумот: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида яна 10 йилдан кейин мамлакат аҳолисининг 50 фоизи олий маълумотли бўлиши кераклиги айтилган. Бу ўша йилга бориб Ўзбекистон ушбу рейтингда, дейлик кучли 10 таликка кириши керак, деганидир.
Ҳозирча, бу натижага эришиш қай даражада мумкин ё йўқлиги ҳақида бир гап айтиш қийин. 2019 йил якуни бўйича статистикада келтирилишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёшларни олий таълим билан қамраб олиш бўйича 20 фоизлик довондан ўтган. Энди олдинда 25 (2020 йил якунига қадар), 30 (2024 йилгача) ва 35 (2026 йилгача) фоизлик натижани қайд этиш вазифаси турибди.

Вазирликдан олинган маълумотларга қараганда, ушбу натижага қўшма таълим дастурлари, хорижий олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари ва Ўзбекистоннинг ўзида очиладиган янги таълим йўналишларини очиш орқали эришиш режалаштириляпти.
Маълумот учун, 2019 йилда 14 та янги ОТМ ташкил этилган ва ушбу таълим муассасаларининг бакалавриат босқичларида 40 та таълим йўналиши, магистратурада 41 та янги мутахассислик жорий этилган. Шунингдек, қабул кўрсаткичлари сони 121 мингдан ошган. Бу 2016 йилга қараганда, қарийб 2 баравар кўп.
Шундан келиб чиқиб, Олий таълимнинг келажаги хусусида: агар вазият шу зайлда давом этадиган бўлса, шу каби рейтингларда ҳам кўриниш бериш эҳтимоли бор. Бу жараёнда сон ортидан қувиб, сифат борасидаги муаммоларни унутмасак бўлгани.