Ўзбекистонда аёллар ҳеч қачон камситилмайди
Бунинг ҳуқуқий асослари гендер тенгликни таъминлашга оид янги қонун билан кафолатланди
Бунинг ҳуқуқий асослари гендер тенгликни таъминлашга оид янги қонун билан кафолатланди
Президентимиз таъкидлаганидек, аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт абадийлигига асос бўлиб келади.
Шу боис, аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади.
Айниқса, юртимизда азиз аёлларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрни ва хизматини муносиб қадрлаш, уларга энг яхши шароитларни яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол бўлишларини рағбатлантириш борасида кўплаб амалий ишлар қилинди.
Айниқса, Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқи хотин-қизлар масаласига давлат сиёсати даражасида қаратилаётган эътиборнинг яна бир яққол ифодаси бўлди.
Бу борадаги ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг ташкил этилгани эса мазкур йўналишда парламентнинг роли кучайиб бораётганидан далолатдир.
Қайд этиш лозимки, юртимизда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига алоҳида аҳамият берилаётгани бир қатор муҳим омиллар билан боғлиқ. Хусусан, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Аниқроқ айтганда, иқтисодий фаол аҳоли таркибида аёллар улуши 46 фоиздан ошади. Жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳар 10 нафаридан 7 нафари аёлдир.
Бироқ Олий Мажлис палаталарида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик ва вакиллик лавозимларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларимиз камчиликни ташкил этаётгани ҳам сир эмас.
Халқаро ҳамжамиятда кенг фойдаланиладиган “гендер тенглик” тушунчаси – эркаклар ҳамда аёллар давлат ва жамият ҳаётнинг барча соҳалари, жумладан, бошқарув, қарорлар қабул қилиш ва хавфсизлик секторида тенглик асосида иштирок эта олишини назарда тутади.
Тўғри, мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Конституциямизда уларнинг тенг ҳуқуқли эканликлари кафолатланган. Меҳнат қонунчилигида ҳам гендер тенглиги белгиланган.
Бироқ шунга қарамасдан меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш учун хотин-қизларнинг имкониятлари амалда айрим соҳаларда чегараланган.
Савол туғилади: қонунларимизда хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, шунинг ўзи етарли эмасми?
Шу ўринда жаҳон тажрибасига назар солсак, нуфузли Жаҳон иқтисодий форуми ҳар йили жамиятдаги гендер тафовут ҳақида ҳисобот тайёрлайди. Ушбу ҳисобот аёллар ва эркакларнинг сиёсий ҳаётдаги ўрни, иқтисодиётда, таълим олишда ва тиббий хизматлардан фойдаланишидаги мавжуд тафовутларни ҳисобга олади.
Эътибор беринг, шу кунга қадар гендер тафовут кўрсаткичлари келтирилган 150 га яқин мамлакат рўйхатига Ўзбекистон бирор марта ҳам киритилмаган.
Биргина шу фактнинг ўзи ҳам юқоридаги саволимизга жавобан бу борадаги ишларимиз етарли эмас, дейишимизга асос бўлади.
Шу жиҳатдан 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун мамлакатимиз равнақи йўлида собитқадам бўлиш, аниқ натижага йўналтирилган мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда қонунда белгиланган тамойиллар асосида муҳим натижаларга эришишга замин яратди.
32 та моддадан иборат ушбу қонунда “гендер”, “гендер статистикаси”, “гендер-ҳуқуқий экспертиза”, “жинсий камситиш” тушунчалари ва турлари; мазкур йўналишда ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари; давлат бошқарувида иштирок этишда, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олишда ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар; гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда жавобгарлик масалалари акс эттирилган.
Қонунда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашнинг асосий принциплари белгиланган.
Қонунда алоҳида модда билан жинси бўйича камситиш ҳисобланмайдиган ҳолатлар ҳам батафсил очиб берилган.
Эътиборли жиҳати, қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказишга оид алоҳида норма белгиланган. Бу эса, бугунги кунда қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиб келинаётгани каби гендер тенглик нуқтаи назаридан ҳам ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишига асос бўлади.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, унда гендер статистикасини шакллантириш механизми очиб берилган. Давлат статистика органлари мазкур статистик кўрсаткичларни шакллантириш, уларни доимий янгилаб бориш учун ваколатли орган этиб белгиланган.
Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамаси ва Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссиясининг, шунингдек, давлат органларининг ваколатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштироки белгиланган.
Қонунда хотин-қизлар ва эркакларни ишга қабул қилишга оид нормалар белгиланган бўлиб, уларга кўра давлат хизматидаги бўш лавозимларни, шу жумладан, раҳбар лавозимларини эгаллаш учун танлов эълон қилинади. Бунинг учун давлат органларида махсус комиссияси тузилиб, номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ушбу комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Меҳнат муносабатларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича иш берувчининг мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилгани ҳам қонуннинг муҳим жиҳатларидан биридир.
Қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича конвенцияси талабларига мос келади.
Миллий қонунчилигимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни кафолатлашга қаратилган яхлит қонуннинг мавжуд эмаслиги узоқ йиллардан бери халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ тегишли тузилмаларининг кескин муҳокамаларига, таъбир жоиз бўлса, эътирозларига сабаб бўлиб келган.
Шу боис ҳам қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва тамойилларига содиқлигини яна бир карра намоён этиб, дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашни тартибга солишда муҳим қадам бўлди.
Сайёра БАРАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи.