Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янада ривожланади
Ўзбекистон вакиллари Эрон ва Туркманистон ўртасида темир йўл ва автомобиль қатнови тезроқ тикланиши томонлар учун бирдек манфаатли эканини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов ва “Туркманавтотранспорт” агентлиги раисининг ўринбосари Ж.Гараев, шунингдек, икки мамлакат темир йўл тизими ва тегишли идора ҳамда ташкилотлари раҳбарлари иштирокида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилаётган чеклов чоралари даврида юзага келган мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ж.Гараев Туркманистон томони коронавирус инфекциясининг мамлакатга кириб келиши ва қўшни республикалар ҳудудига тарқалишининг олдини олиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.
Айни пайт Туркманистон чегараларини кесиб ўтувчи поезд ва юк машиналари учун Туркманбоши, Серхетяк, Гарабогаз, Фарап, Имамназар ва Серхетабат чегара пунктларида жами 6 та дезинфекция туннеллари ташкил этилган.
“Жорий ой охирига қадар Сарахс чегара-ўтказиш пунктида Эрон билан ҳамкорликда дезинфекция-фумигация мосламаларини ишга тушириш натижасида автомобиль ва темир йўл алоқаларини тиклашни режалаштиряпмиз”, — деди Гараев.
Ўзбекистон вакиллари Эрон ва Туркманистон ўртасида темир йўл ва автомобиль қатнови тезроқ тикланиши томонлар учун бирдек манфаатли эканини таъкидлаб ўтди.
Давлатларимиз ўртасидаги қардошлик муносабатларини инобатга олган ҳолда, Д.Деҳқонов мамлакатлар ўртасида йўловчи ташишни ташкил этиш борасидаги ишларни жадаллаштиришни таклиф қилди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Уммон транспорт йўлагининг барча иштирокчилари билан Ашхобод битими бўйича ишларни фаоллаштиришга ҳам келишиб олдилар.