Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Испанияда намойиш этилмоқда
Мамлакатимиз туризм салоҳияти Испания пойтахти Мадрид шаҳрида очилган “FITUR – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмасида намойиш этилмоқда.
Мамлакатимиз туризм салоҳияти Испания пойтахти Мадрид шаҳрида очилган “FITUR – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмасида намойиш этилмоқда.Сайёҳлик оламининг энг йирик ва нуфузли халқаро анжуманларидан бири бўлган мазкур кўргазмада қарийб 170 мамлакатдан ўн мингга яқин сайёҳлик компания ва агентликлари, юзлаб соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳар йили ушбу кўргазма билан танишиш учун 120 мингдан зиёд одам ташриф буюради.
Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир неча йилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2015 йилги ярмаркада мамлакатимиз миллий стенди “Энг яхши стенд” мақомига сазовор бўлган эди.
Бу сафар ҳам она Ватанимизнинг фусункор табиати, бетакрор тарихий обидалари акс эттирилган, ёрқин ва ранг-баранг миллий матоларимиз билан безатилган Ўзбекистон миллий стенди ўзига хослиги билан кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мутахассислар стенднинг юксак дид билан тайёрланганини алоҳида таъкидламоқда.
“FITUR – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмасида “Ўзбектуризм” миллий компанияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимизнинг «Orient Voyages», «Elmundo Tour», «Ulysse Tour», «C.A.T.I.A», «Olimpic Tour Service», «Central Аsia Travel» каби қатор сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари ўз хизматлари билан иштирок этаётир.
Кўргазмада Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хива каби қадимий ва навқирон шаҳарларимиздаги тарихий ёдгорликлар, сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилмоқда. Ранг-баранг альбомлар, буклет ва брошюралар анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола этилмоқда. Кўргазма меҳмонлари, айниқса, ўзбек миллий таомлари ва лаззатли ширинликлари хуш таъмини юксак баҳоламоқда.
“FITUR – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмаси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонда янада кенг тарғиб этиш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан танишиш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.