Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар учун семинар ўтказди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини оширишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини оширишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқимиз фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилувчи органларнинг текширувлари мониторинги юритилиб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Савдо-саноат палатаси вакиллари жорий йилнинг ўтган даврида 359 тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширувларда иштирок этди.
Мониторинг ишлари давомида тадбиркорларни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларга текширув тартиблари, текширув жараёнида эътибор қаратилиши зарур бўлган ҳолатлар тўғрисида маслаҳатлар бериб келинмоқда.
– Палатамизга аъзо бўлган тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгаймоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Анвар Икромов. – Палата аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиб хўжалик судларига киритилган 44 мингдан ортиқ даъво аризасининг 80 фоизи тадбиркорлик субъектлари фойдасига ижобий ҳал этилди.
Семинар-тренингда мутахассислар текширувга келган ходим қандай расмий ҳужжатларни тақдим этиши шартлиги, улар томонидан корхона ходимлари билан суҳбатлар ўтказиш, тушунтириш хатлари, тилхатлар олиш ва бошқа шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш усуллари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.