Ўзбекистон – Россия: муносабатлар мустаҳкам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россия Федерациясига келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россия Федерациясига келди. Москва шаҳридаги «Внуково» аэропортида давлатимиз раҳбарини Россия ҳукуматининг расмий шахслари кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 23 июнь куни кечқурун Кремлда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан музокаралар бўлиб ўтди. Унда кўп қиррали Ўзбекистон - Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. 24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади.
Россия ва МДҲга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг устувор йўналишлардан. Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир икки юздан зиёд ҳужжат қабул қилинган. 2004 йил 16 июнда имзоланган «Стратегик шериклик тўғрисида»ги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартнома уларнинг энг муҳимларидир.
Мамлакатларимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақалараро алоқалар ҳам жадал ривожланяпти. Россия Президентининг 2018 йили мамлакатимизга ташрифи чоғида Тошкентда икки давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон — Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди. Бу Россия Федерацияси субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот учун доимий майдонга айланди. Бунинг амалий тасдиғи ўлароқ, Россия минтақалари раҳбариятлари даражасида, жумладан, Чеченистон Республикаси ва Татаристон раҳбарлари, Санкт-Петербург, Челябинск, Ивановск, Оренбург ва бошқа вилоятлари губернаторлари билан 20 дан ортиқ икки томонлама ташрифлар амалга оширилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг вилоятлари Россиянинг 70 дан зиёд субъектлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган. 2019 йилда Ўзбекистон ташқи савдосида Россиянинг улуши 17 фоизни ташкил этди. Бинобарин, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги бўлиб қолмоқда. Ўзаро товар айирбошлашнинг ижобий динамикасини инобатга олган ҳолда, савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилаётир.
Россия Федерацияси билан фан, таълим, маданият, санъат, спорт, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг маданияти ва адабиётига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий, пойтахтимизда рус шоири Александр Пушкин ҳайкали қад ростлаган. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очилган. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик туфайли 2019/2020 ўқув йилида 100 нафарга яқин мамлакатимиз йигит-қизлари Россиядаги олий таълим даргоҳларида таҳсил оладиган бўлди.
Ўзбекистон Россия олий ўқув юртларида талабаларнинг таҳсил олиш кўрсаткичлари бўйича етакчилар қаторида туради. 2017 йилда ўзбекистонлик 5500 дан зиёд абитуриент Россия олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Уларнинг 170 нафари Россия ҳукумати томонидан ажратиладиган таълим квоталари бўйичадир. 2018 йилда мазкур квота 203 ўринга кўпайтирилди. Ўз навбатида, ўзбекистонликлар учун, жумладан, ижодий йўналишлар бўйича ҳам бюджет квоталарини келгусида янада кўпайтиришга доир келишув мавжуд.
Юртимизда самарали фаолият юритаётган М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ҳамда И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети қаторига Олмалиқда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг Миллий технологик тадқиқотлар университети филиали ҳам қўшилди. Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Москва муҳандислик-физика институти филиаллари очилди. Шунингдек, республикамиз ҳудудларида А. Пушкин номидаги Рус тили давлат институти филиаллари ҳамда олий таълим муассасалари базаларида «рус тили ва адабиёти» мутахассислиги бўйича таълим олиб борадиган рус тили марказларини очишга ҳам қизиқиш катта.
Тошкентда мамлакатларимиз тарихида илк бор Таълим форуми бўлиб ўтди. Унда Россиядаги 80 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари вакиллари қатнашди. Дунёнинг бирор бир мамлакати билан Россия билан бўлгани каби маданий-гуманитар алоқалар бу қадар кенг эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида қиймати 16 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланган эди. Тасдиқланган лойиҳаларнинг кўпчилиги саноат ва энергетика секторида рўёбга чиқариляпти. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама дастур доирасида ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасида умумий қиймати 13 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бугун Россиянинг «Газпром», «Лукойл», «Форус», «Татнефт», «Силовые машины», «Камаз», «Евротсемент», «Экокултура», «Газпромбанк», «ВEБ» ва бошқа кўплаб етакчи компания ва банклари Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Россиянинг «Евротсемент» холдинги таркибидаги «Оҳангаронсемент» ОАЖ Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш қуввати бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳозирги кунда холдинг томонидан Тошкент вилоятида «қуруқ усул» билан цемент ишлаб чиқариладиган янги заводни барпо этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи базасида «Ростселмаш» заводи иштирокида комбайнлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси парламенти билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси ўртасидаги алоқалар бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилган.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Россия Президентларининг сиёсий иродаси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.