Ўзбекистон маҳсулотлари Берлинда
Берлин шаҳридаги “Messe Berlin” кўргазмалар мажмуасида “Fruit Logistica – 2015” анъанавий халқаро ярмаркаси бошланди.
Берлин шаҳридаги “Messe Berlin” кўргазмалар мажмуасида “Fruit Logistica – 2015” анъанавий халқаро ярмаркаси бошланди.Ер юзининг барча минтақаларидан келтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг кенг ассортименти намойиш этиладиган мазкур кўргазмада саксондан ортиқ мамлакат ишлаб чиқарувчилари қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Йилдан-йилга халқаро талаблар ва мижозлар эҳтиёжи ўзгариб бормоқда. Шу боис мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилар маҳсулотни истеъмолчиларга дид билан қадоқлаб, замонавий, киши эътиборини тортадиган идишларда тақдим этишга интилмоқда. Узоқ вақт сақлаб туриш имконияти ва маҳсулотнинг хориж бозорларига ташишга яроқлилиги ҳам бунда муҳим аҳамият касб этади.
Берлинда ўтказилаётган ярмаркада тақдим этилаётган маҳсулотлар ушбу талаблар ва мезонларга тўла мос келади. Зеро, бу ерда ишлов берилмаган мева-сабзавотлар, уларнинг янги навлари, қуруқ мевалар, зираворлар, гул ва ўсимликлар, маҳсулотларни қадоқлаш, сақлаш, ташишга мўлжалланган асбоб-ускуналар, ёрлиқ ишлаб чиқариш жиҳозларини кўриш мумкин.
Мамлакатимизда деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва хусусий тадбиркорлик субъектларини минитехнологиялар билан таъминлаш, шу орқали қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида кенг имтиёз ва имкониятлар яратилган. Бу йўналишдаги инновацион ғоя ва ишланмалар ҳар жиҳатдан рағбатлантирилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан нафақат ички бозорни таъминлаш, балки экспортга чиқариш ҳажми ортмоқда.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатимизда илғор технологиялар асосида етиштирилаётган олмани замонавий совутгичли омборда сақлаб экспорт қилинса, бир гектар майдондан ўртача 50 минг доллар миқдорида даромад олиш мумкин. Айни вақтда Ўзбекистонда етиштирилаётган олма, анор, узум, ўрик, хурмо, олхўри ва қовун-тарвуз дунё бозорларига кириб бормоқда. Мисол учун, гилос, қовун Бельгия, Норвегия, Болтиқбўйи давлатлари бозоридан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон ноз-неъматларининг донғи етти иқлимга кетган. Экологик тоза, юқори қувватли, хуштаъм бу маҳсулотлар бутун дунёда юксак қадрланади. Шу боис ҳам мазкур ярмарка мамлакатимиз бизнес вакиллари учун хорижий шериклар билан амалий алоқаларни ўрнатиш, мева-сабзавотларни етиштириш, қадоқлаш ва савдога етказиб бериш борасида кенг тасаввурга эга бўлишда қўл келади.
– Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифат жиҳатидан жаҳон бозорининг юқори талабларига жавоб беради, – дейди “Ўзтадбиркорэкспорт” компанияси мутахассиси Султон Назаров. – Бир неча йилдан буён тадбиркорларимиз “Fruit Logistica” анъанавий халқаро ярмаркасида иштирок этади. Бу гал ҳам тадбиркор ва фермерларимиз маҳсулотлари намойишини ўтказади. Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Ливадия-Бухоро” корхонаси қуритилган мева-сабзавотларни тақдим этади. 150, 200, 300 граммли вакуумли идишларда қадоқланган ушбу маҳсулотлар қарийб икки йилга қадар сифатини йўқотмайди.
Мазкур ярмарка 7 февралга қадар давом этади.