ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ: “Пахтакор” ва АГМК финалда
Кеча Ўзбекистон Кубогининг ярим финал ўйинлари ўтказилди.
Кеча Ўзбекистон Кубогининг ярим финал ўйинлари ўтказилди. Унда “Пахтакор” “Насаф”ни, АГМК эса “Бунёдкор” жамоасини қабул қилди. Энг қизиғи, Кубокнинг ўтган йилги мавсуми финалчилари ярим финал ўйинларини ўз фойдаларига ҳал қилган ҳолда бу йилги финалда ҳам ўзаро рўбарў келишадиган бўлди. Хабарингиз бор, ўтган йилги Кубок АГМК жамоасига насиб этган, олмалиқликлар илк бор бош совринни қўлга киритишган эди.

“Пахтакор” “Насаф”га қарши ярим финал ўйинини муваффақиятсиз бошлади. 21-дақиқада Бобир Абдиҳолиқов жамоадошлари томонидан қанотдан оширилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди. Бироқ меҳмонларнинг хурсандчилиги узоққа бормади. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмай Драган Черан Одил Ҳамробековнинг пасини боши билан голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди. Ғалабани сақлаб қолишнинг уддасидан чиқмаган қаршиликлар ҳеч бўлмаса мағлубиятга учрамасликнинг олдини олишга уринишди. Бироқ бу уринишлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ самарасиз кетди. Тиниб-тинчимас Жалолиддин Машарипов жамоадошлари учун муҳим бўлган ғалаба тўпини кирита олди. Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа аъзолари қанчалик ҳаракат қилишмасин, дарвозаларга бошқа гол киритилмади.

Иккинчи ўйинда мезбонлар меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Олмалиқликлар биринчи бўлимни ўз фойдаларига ҳал этишди. Иккинчи бўлимнинг бошида иккинчи голларини киритишиб, вазиятни ўзлари томонга анча яхшилаб олишди. Гарчи “қалдирғочлар” ҳисобни қисқартиришга эришган бўлсада, майдон эгалари учинчи голни ҳам киритишиб, “Бунёдкор” футболчилари ҳафсалаларини туширишди.
Шу тариқа 2019 йилги мавсумда Ўзбекистон Кубогининг ҳал қилувчи финал ўйинида “Пахтакор” ва АГМК жамоалари кетма-кет иккинчи маротаба ўзаро куч синашадиган бўлишди.

Ўзбекистон Кубоги. Ярим финал:
“ПАХТАКОР” – “НАСАФ” - 2:1
Голлар: Драган Черан (33), Жалолиддин Машарипов (39) - Бобур Абдуҳолиқов (21).
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов, Акмал Раҳимов.
Назоратчи: Рашид Айтеков Комиссар: Диёр Имомхўжаев Огоҳлантиришлар: Фаррух Сайфиев (80) – Сардор Абдураимов (42), Бобур Абдуҳолиқов (45).
АГМК – “БУНЁДКОР” - 3:1
Голлар: Шаҳзодбек Нурматов (8), Элгужа Григалашвили (50), Сардор Раҳмонов (85) - Нурилло Тўхтасинов (58)
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Санжар Шоюсупов, Тимур Галеев, Равшан Абдивоҳидов
Назоратчи: Маъмур Саидқосимов
Комиссар: Александр Давиденко
Огоҳлантириш)лар: Шаҳзодбек Нурматов (40), Дилшод Жўраев (45, Элгужа Григалашвили (62), Сайдулло Рахматов (70) – Санжар Турсунов,( 60), Нурилло Тўхтасинов (71).