Ўзбекистон ХДП: Монопол ташкилотлар устидан парламент назорати ўрнатилмоқда
Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 6 ойлик фаолияти сарҳисобига бағишланган онлайн матбуот анжуманида айтилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 6 ойлик фаолияти сарҳисобига бағишланган онлайн матбуот анжуманида айтилди.
Тадбир аввалида партия марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия ўтган йили сайлов кампанияси бошланиши олдидан “Истеъмол саватчаси” ва “Яшаш минимуми”ни белгилаш, бу борада қонун қабул қилиш таклифини билдирганини, бугунги кунда қонун лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилганини айтди.
Монопол корхоналарга берилаётган имтиёзларни камайтириш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳам сўз юритилди.
Уларга берилаётган имтиёзларни камайтириш ва мувофиқлаштириш орқали мамлакатда қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли истиқболли кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш бугун энг долзарб масалалардан экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 июль куни имзоланган “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга мувофиқ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сенат ва Президентга ҳисобдорлиги белгиланган. Шунингдек, ушбу ҳужжат билан “2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси” ва ушбу стратегияни амалга ошириш буйича “Йул харитаси” қабул қилинган. Бу, ўз навбатида, товар ва молия бозорларида монополияни камайтириш борасида самарали рақобат муҳитини яратиш механизмининг амалиётга татбиқ этилишига имкон беради.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, аҳолини табиий газ, электр энергияси, сув билан таъминловчи монопол ташкилотлар бор. Партиянинг Сайловолди дастурида бу ҳақда маълум қилинган. Ҳар қандай соҳада рақобат бўлса нарх-наво тушади, сифат ошади. Масалан, кадастр хизматининг камчиликлари яққол кўриниб қолди. Аҳоли бу хизматга нисбатан эътироз билдирмоқда. Ҳукумат бу тизимни хусусий секторга беришни кўриб чиқмоқда. Монопол ташкилотни тугатсак ўрнига нима қолади? Халқимиз олдида икки баробар муаммо юзага келиши мумкин. Унинг ўрнига бошқа ташкилот бўлса, ана шунда монополияга чек қўйиш мумкин.
Бугунги кунда мамлакатда 19 та энг йирик монопол ташкилот бор. Уларга имтиёз ва преференциялар берилган. Монопол ташкилотларга берилган имтиёзлардан улар қандай фойдаланяпти, бозордаги иштироки қандай, халқ манфатига салбий таъсир қилмаяптими? Бу саволларга жавоб топиш мақсадида эндиликда шу ташкилотлар устидан парламент назорати ўрнатилмоқда, деди партия масъуллари.