Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
Азиз ватандошларим! Мана шу файзли оқшомда байрам дастурхони атрофида тўпланиб ўтирган сиз, ҳурматли юртдошларимни, бутун Ўзбекистон халқини янги – 2016 йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилашни ўзим учун катта бахт, деб биламан.
Азиз ватандошларим!Мана шу файзли оқшомда байрам дастурхони атрофида тўпланиб ўтирган сиз, ҳурматли юртдошларимни, бутун Ўзбекистон халқини янги – 2016 йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилашни ўзим учун катта бахт, деб биламан.
Мана, азизларим, қадрдонларим, бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз.
Айни шу лаҳзаларда ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказамиз, шу кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар билдирамиз.
Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, охирига етаётган йилимизга якун ясаб, холисона айтадиган бўлсак, 2015 йил биз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Буларнинг тасдиғи ҳақида гапирганда, рухсатингиз билан айрим мисол ва рақамларни келтиришни ўринли, деб биламан.
Кейинги 11 йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, шу жумладан, 2015 йилда ҳам ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаганининг ўзи, ҳақиқатан ҳам, тарихий бир воқеадир, десак, адашмаган бўламиз.
Иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал тараққий топаётгани, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналарнинг ишга туширилаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани, ахборот-коммуникация тизимларининг ҳаётимизга фаол жорий этилаётгани, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозорида рақобатдошлиги ортиб бораётгани – буларнинг барчаси биз эришаётган ютуқларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида миришкор деҳқон ва фермерларимизнинг, турли қийинчиликларга қарамасдан, 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тонна пахта, 14 миллион 500 минг тоннага яқин сабзавот ва полиз, 4 миллион 300 минг тонна боғдорчилик маҳсулотлари етиштиргани бозор ва дўконларимиздаги мўл-кўлчиликни, нарх-навонинг меъёрида бўлишини таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилди ва бунинг учун дала меҳнаткашларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.
Ана шундай салмоқли натижаларимиз 2015 йилда аҳолимизнинг реал даромадларини 9,6 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини 21,9 фоизга ошириш имконини берди.
Шулар қаторида халқимизнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, турли гуманитар тармоқларни янги, замон талаб қиладиган босқичга кўтариш биз учун доим устувор йўналишлар қаторида бўлиб келмоқда.
Лекин, агар бугунги замон қандай шиддат билан ўзгариб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу соҳаларга, аввало, таълим-тарбия соҳасига эътиборимизни янада кучайтиришимиз даркор.
Чунки замон ўзгариши билан одам, инсон ҳам ўзгаради, унинг дунёқараши, ҳаётга, ҳаётдаги ўз роли ва бурчига муносабатлари ва қарашлари бир ҳолатда турмайди.
Айниқса, катта ишонч билан ҳаётга кириб келаётган азиз фарзандларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга ошираётган дастурларимиз биз олдимизга қўйган буюк мақсадларга жавоб беришига ишончимиз мустаҳкам бўлиши зарур.
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, биз дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтарилишни энг юксак мақсадимиз сифатида қўйган эканмиз, бундай ўта муҳим ва масъулиятли вазифа, авваламбор, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган, замонавий билим ва тажрибага эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, ватанпарварлиги ва ҳозирлиги билан ажралиб турадиган ёш авлодимиз зиммасига тушади.
Ўртага қўйилган бундай улкан вазифанинг нақадар чуқурлигини ва масъулиятини ҳисобга оладиган бўлсак, таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришда маблағимизни ҳам, ўзимизни ҳам аямаслигимиз керак, деб ўйлайман.
Азиз дўстларим, қадрли юртдошларим!
2015 йил мобайнида мамлакатимизнинг куч-қудрати ва салоҳиятини, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, жаҳон майдонида Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш йўлида янги-янги марраларни забт этганимиз, халқаро миқёсдаги нуфузли рейтингларда Ўзбекистоннинг юқори ўринларни эгаллаётгани ҳаммамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Тасаввур этишнинг ўзи ҳам қийин бўлган ана шундай улкан ютуқларимизни сарҳисоб қилиб, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган нуқтаи назардан босиб ўтган йўлимизни баҳолар эканмиз, тўла ишонч билан айтмоқчиман: бундай юксак муваффақиятларнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган, ана шу натижаларга эришиш йўлида машаққатли синовларда тобланган, мард ва танти халқимиз олдида, барча-барча ватандошларимиз олдида чин қалбдан таъзим қилишни ўзим учун катта шараф деб ҳисоблайман.
Муҳтарам дўстлар!
Мана шундай ҳаяжонли ва шукуҳли дамларда ҳар қайси инсон янги йилни кутиб олар экан, айни шу дақиқаларда қалбида, юрагида сақлаб келаётган эзгу орзу-умидларнинг ушалишини, оиласи, яқинлари, она юрти тинч-омон бўлишини, янги йил янада хайрли ва баракали бўлишини хаёлидан ўтказади.
Ишончим комилки, кириб келаётган 2016 йилимиз 2015 йилга нисбатан кам бўлмасдан, хосиятли ва самарали бўлишига тўлиқ асосларимиз бор. Бунинг учун олдинги йилларда мамлакатимизда ҳар томонлама мустаҳкам замин – пойдевор ташкил қилингани ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга, кутилаётган турли қийинчилик ва тўсиқларни енгиш учун биз катта тажрибага эгамиз.
Мавжуд бўлган тўсиқ ва муаммолар ҳақида гапирганда, аввало, ташқи томондан пайдо бўлаётган омиллар, яъни, глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётгани, дунё бозорларида вазият ноаниқ бўлиб қолаётгани, терроризм ва экстремизм балоси тобора кучайиб бораётганини ва бундай оғир муаммолар жаҳондаги кўпгина давлатлар бошига катта бир савдо бўлиб, шу жумладан, бизнинг елкамизга ҳам тушганини кўриш, кузатиш қийин эмас.
Бундай вазиятга қарамасдан, бизнинг прогноз ва ҳисоб-китобимиз шуни кўрсатадики, кириб келаётган 2016 йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлари 9,5 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг миқдори турли манбалар ҳисобидан 15 фоизга ошиши кутилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2016 йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.
Кириб келаётган йилда барча молиявий манбалар ҳисобидан иқтисодиётимизга 17 миллиард 310 миллион доллар миқдоридаги капитал қўйилмалар йўналтирилиб, уларнинг 23,5 фоизини чет эл инвестициялари ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, янги – 2016 йил кўпгина кўрсаткичлар бўйича якунига етаётган 2015 йилга нисбатан кам бўлмасдан, балки кўп соҳаларда ундан анча юқори ва зиёда бўлиши мўлжалланмоқда.
2016 йилда умумий қиймати 5 миллиард 500 миллион доллар бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишларини якунига етказиш ва уларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Шулар қаторида Толлимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 мегаватт бўлган иккита буғ-газ турбинаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаватт қувватга эга бўлган энергия блоки қурилишини ниҳоясига етказиш, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис ишлаб чиқарадиган металл эритиш корхонасини барпо этиш каби ўта муҳим лойиҳалар борлигини таъкидлаш лозим.
2016 йилда хитойлик шериклар ёрдамида Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини тугатиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга туширилиши, шунингдек, “Тошкент – Самарқанд” тезюрар темир йўл қатновининг Бухорогача етиб бориши белгиланган.
Айни вақтда “Женерал моторс – Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида йиллик қуввати 80 минг тонна бўлган олтингугурт гранулалари тайёрлайдиган корхонани барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, замонавий тракторлар, янги русумдаги мобиль телефонлар, планшет компьютерлари, ноутбуклар, телевизор ва холодильниклар, кондиционерлар ҳамда бошқа маиший электр техника буюмлари, кенг турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарадиган қувватлар ҳам фойдаланишга топширилади.
Келгуси йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Боинг-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланиши мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Мамлакатимизда янги йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берганимизни эл-юртимиз катта мамнуният билан кутиб олгани ва кенг қўллаб-қувватлаётгани, бу қарор замирида мужассам бўлган “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ғоя халқимизнинг олижаноб орзу-интилишларига нечоғлиқ ҳамоҳанг эканидан далолат беради.
Қадрли ватандошларим!
Барчангизни бағримга босиб, кириб келаётган янги – 2016 йил билан яна бир бор қизғин табриклайман.
Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азизларга қалбимнинг тўрида бўлган энг самимий тилакларимни изҳор этаман:
муҳтарам фахрийларимизнинг умрлари узоқ бўлсин,
мунис аёлларимизнинг чеҳрасидан табассум аримасин,
дилбар қизларимиз янада гўзал ва чиройли, бахтли-саодатли бўлсин,
ёшларимизнинг бахту иқболини берсин.
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти