Ўзбекистон “Қизил китоби“нинг янги нашри тайёрланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимлари тадқиқотлари асосида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби“нинг янги нашри чоп этишга тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимлари тадқиқотлари асосида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби“нинг янги нашри чоп этишга тайёрланмоқда. Унда Ўзбекистон флорасида учрайдиган камёб ва йўқолиб бораётган турлар ҳақида маълумотлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида “Қизил китоб“нинг навбатдаги нашрини чоп этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимов ва бошқалар “Қизил китоб“ни юритишда, республикамизда йўқолиб бораётган камёб, ноёб ўсимлик турларини сақлаб қолиш учун муҳим муаммоларни ҳал қилишда Ботаника институти олимлари тадқиқотларининг роли муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
“Қизил китоб“нинг олдинги нашри 2009 йилда чоп этилган бўлиб, ундаги мавжуд маълумотлар “маънан эскирган”лиги сабабли, сўнгги 10 йил мобайнидаги тадқиқот натижалари умумлаштирилиб, ўсимлик турларининг бугунги кундаги замонавий ҳолати бўйича маълумотларни кенг оммага тақдим этиш учун “Қизил китоб“нинг янги нашрини чоп этиш зарурати туғилди. 2019 йилнинг охиригача чоп этилиши режалаштирилаётган янги таҳрирдаги “Қизил китоб“га амалдаги “Қизил китоб“ рўйхатидан 8 та тур чиқарилган ҳолда 15 тур киритилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Ушбу янги нашр умумий муҳофазага муҳтож бўлган, йўқолиб кетиш арафасида турган камёб 314 ўсимлик турларини ўз ичига олган.
– ЎзР ФА Зоология институти олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида “Қизил китоб“нинг навбатдаги сонига киритиладиган ва ундан чиқариладиган турлар тўғрисида илмий маълумотлар йиғилди, ушбу маълумотларни таҳлил этиш билан бир вақтда расмий нашрларга киритиш учун ҳар бир турлар бўйича суратли илмий мақолалар тайёрланди, – дейди Фанлар академияси Зоология институтининг бош илмий ходими Жалолиддин Азимов. – Шунингдек, бу давр ичида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби“нинг ҳайвонот дунёсига оид иккинчи қисми нашрга тайёр ҳолатга келтирилди.
“Қизил китоб“нинг амалдаги – 2009 йилдаги нашрига жами 188 та тур (кенжа турлар билан бирга) киритилган. Улардан 23 таси (кенжа турлар билан 24) сут эмизувчилар, 48 таси (кенжа турлар билан 51) қушлар, 16 таси судралиб юрувчилар, 17 таси (кенжа турлар билан 18) балиқлар, 3 таси ҳалқасимон чувалчанглар, 14 таси (кенжа турлар билан 15) моллюскалар ва 60 таси (кенжа турлар билан 61) бўғимоёқлилар.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, янги таҳрирдаги “Қизил китоб“нинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари рўйхатига 21 турдаги ҳайвонлар – умуртқасиз ҳайвонларнинг 5 тури, судралиб юрувчиларнинг 5 тури, қушларнинг 4 тури ва сут эмизувчиларнинг 7 турини киритиш ва 12 турдаги ҳайвонот олами объектларининг сўнгги бир неча йил ичидаги ҳолати тўғрисидаги олинган маълумотларга мувофиқ миллий даражада турларнинг камёблик мақомини ўзгартириш юзасидан хулосалар тайёрланди.