Ўзбекистон – Ҳиндистон: ҳамкорлик уфқи кенгаймоқда
Ҳиндистон инфратузилмани ривожлантириш учун Ўзбекистонга 1 миллиард доллар имтиёзли кредит ажратади.
Ҳиндистон инфратузилмани ривожлантириш учун Ўзбекистонга 1 миллиард доллар имтиёзли кредит ажратади.
Мазкур таклифни мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шри Сантош Жа билдирди.
– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан бири – инфратузилмани ривожлантириш борасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга интиламиз, – деди элчи Ҳиндистон Миллий байрами – Республика кунига бағишлаб ўтказилган маросимда. – Айни мақсадларни амалга ошириш учун Ҳиндистон Ўзбекистонга 1 миллиард доллар миқдорида имтиёзли кредит таклиф этади. Ушбу маблағнинг бир қисми – 200 миллион доллар ажратилиши тўғрисидаги келишув 2019 йил январида кучга кирган.
Ҳиндистон томони мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант кўринишида ёрдам ажратиш ниятини ҳам билдирган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишлари сифатида белгиланган қатор соҳаларга тегишли лойиҳалар кўриб чиқиляпти.
– Янгиланишларни бошидан кечираётган мамлакатларимиз, албатта, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади, – дея сўзини давом эттиради Шри Сантош Жа. – Ўтган йил сентябрь ойида давлатларимиз ўртасида ҳудудлараро савдо тўғрисида битим тузиш имкониятларини биргаликда ўрганувчи тадқиқот гуруҳини ташкил этиш бўйича Қўшма баёнот имзоланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга қаратилган ҳамкорликни ҳам кенгайтирамиз.
Ҳиндистон Ўзбекистон билан ер усти транспорт тармоғини ривожлантириш баробарида янги ҳаво йўлларини очишга ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Ҳозир мамлакатларимиз ўртасида парвозларни кенгайтириш бўйича иш олиб бориляпти. Бу мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қилади.