Академик Жуманазар Базарбаев
Академик Базарбаев Жуманазар
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Фалсафа, адабиёт ва педагогика фанлари бўйича таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Жуманазар Базарбаев шу йил 25 сентябрда 87 ёшида вафот этди.
Ж.Базарбаев 1933 йил 13 ноябрда Муйноқ туманида туғилди. 1955 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини ушбу даргоҳда катта ўқитувчи сифатида бошлади. Кейинчалик Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.
Истеъдодли олим 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тарих, тил ва адабиёт институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, бўлим бошлиғи, Нукус давлат университети (ҳозирги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети) фалсафа кафедрасининг мудири, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ректори, кафедра мудири каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш ҳамда юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Заҳматкаш олимнинг фалсафа соҳасининг долзарб назарий ва амалий масалаларига бағишланган 500 дан зиёд илмий мақолалари, 30 яқин китоб ва монографиялари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида яхши маълум.
Катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган Ж.Базарбаев 1990-1995 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида самарали фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш жараёнларида муносиб иштирок этди.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга таълим-тарбия берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланди.
Академик Ж. Базарбаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат мукофотига сазовор бўлган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Жуманазар Базарбаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев, О.Давлетов.