Ўзбекистон - Европа иттифоқи: ҳамкорлик кенгаймоқда
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 24 сентябрь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишувларнинг учинчи давраси бошланди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 24 сентябрь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишувларнинг учинчи давраси бошланди. Тадбир доирасида иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича “Ўзбекистон – ЕИ” кичик қўмитасининг 14-йиғилиши ўтказилади.
Келишув ва музокараларда Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, шунингдек, қатор манфаатдор идоралар вакиллари, Европа Иттифоқи томонидан Европа ташқи ҳаракатлар хизматини бошқарувчи директор ўринбосари Люк Девин бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур битим лойиҳасини тайёрлаш ташаббуси ЕИ томонидан, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга жавобан илгари сурилган. Мазкур нуфузли ташкилот Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида юз бераётган улкан ўзгаришлар, айниқса, иқтисодиётни либераллаштириш, жамиятни модернизациялаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, айни жараёнга кўмаклашиш мақсадида ушбу битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга қарор қилди.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида янгидан ишлаб чиқиладиган муҳим ҳужжат бўлиб, ўзаро муносабатларни янада яхшилаш, сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилган. Бу жараёнда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кўплаб соҳаларни, яъни сиёсат ва хавфсизликдан тортиб, иқтисодиёт, савдо, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, атроф-муҳит масалаларини ўз ичига олувчи тармоқларни қамраб олади.
Мазкур ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, битим Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига кириш имкониятларини яхшилаш мақсадида ЕИ билан муносабатларни барқарорлаштириш имконини беради.
Тадбир доирасидаги келишувлар учта ишчи гуруҳ иштирокида олиб борилмоқда. Улар “Сиёсат ва хавфсизлик”, “Савдо ва у билан боғлиқ масалалар”, “Иқтисодий, секторал ва бошқа масалалар” деб номланган.
Барча ишчи гуруҳларида келишувлар доирасидаги мулоқотлар, музокаралар конструктив ва очиқ шаклда, самарали ўтмоқда. Ҳар икки томоннинг ҳаракати лойиҳа бўйича келишувларни имкон даражасида тезроқ якунлаб, ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.
Мазкур битимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – савдо қисми кенг кўламли ва мураккаб бўлиб, дастлабки икки босқичда бу борадаги келишувлар натижасида муайян натижаларга эришилган.
Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича “Ўзбекистон – ЕИ” кичик қўмитаси мунтазам фаолият кўрсатувчи ҳамкор орган бўлиб, қўмита йиғилишлари ҳар йили, навбат билан Ўзбекистонда ва Брюсселда ўтказилади. Мазкур кичик қўмита фаолияти мамлакатимиз ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришнинг янги йўллари ва имкониятларини ўрганишга йўналтирилган.
ЕИ Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Сўнгги йилларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди. Шунга қарамасдан, бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Беш кун давом этадиган йиғилиш давомида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида савдо, инвестициялар ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни янада фаоллаштиришнинг янги, самарали йўлларини топишга қаратилган музокаралар олиб борилади.