Ўзбекистон – БАА: Ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоасидан таркиб топган делегация Бирлашган Араб Амирлигида бўлиб қайтди. Бу ҳақда марказнинг жамоатчилик билан алоқалар хизмати маълум қилди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоасидан таркиб топган делегация Бирлашган Араб Амирлигида бўлиб қайтди. Бу ҳақда марказнинг жамоатчилик билан алоқалар хизмати маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида БААга расмий ташрифи якунлари бўйича давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятига янгиликлар киритиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилган эди. Мазкур келишув доирасида Ўзбекистонда ҳукумат акселераторини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Маълумки, Бирлашган Араб Амирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ҳукумат акселератори фаолият олиб боради. Давлатлар ўртасидаги келишувлар доирасида БАА ҳукумати Ўзбекистонда бундай институтни очиш ва унинг ходимларини тайёрлашда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирган.

Ушбу ташриф давомида ИТИМ раҳбарияти ва масъул ходимлари БАА ҳукумати томонидан ташкил этилган “Ҳукумат акселератори ўқув устахонаси“ мавзуидаги тренинг машғулотларида иштирок этди.
БАА ҳукумати акселератори мамлакатнинг 2020 йил стратегиясини амалга оширишга кўмаклашувчи муҳим тузилма сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади давлат бошқарувида қарор қабул қилиш жараёнини янгича фикрлаш орқали тубдан ўзгартириш ҳисобланади.
Делегация БАА ҳукумати акселераторининг методологияси ва Гарвард университети мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган амалий тадқиқотларни атрофлича ўрганди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг акселератори дастлабки босқичда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан 100 кун ичида ўрганилиши лозим бўлган устувор масалаларни аниқлади.
Сафар давомида ИТИМ раҳбарияти БАА ҳукумати аъзолари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Хусусан, БАА Бош вазири аппаратининг Стратегия ва инновациялар бўйича бош директор ўринбосари Худа ал-Ҳашими ҳамда Давлат имкониятлари ва лидерлик бўйича бош директори ўринбосари Яссер Алнақби ва БАА ҳукумати акселератори директори Радҳия ал-Ҳашимилар билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар чоғида БАА ҳукумати аъзолари Ўзбекистонда давлат бошқарувини яхшилаш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг Виртуал ва халқ қабулхоналари тажрибаси катта эътиборга лойиқдир.
Амирлик томони ўзаро алоқаларга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб, мавжуд келишувлар билан чекланиб қолмасдан Ўзбекистонда ҳукумат акселераторини амалга оширишда фаол иштирок этиш ниятини билдирди.
Якунда ИТИМ ва БАА ҳукумати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ҳукумат акселератори ва Амирликнинг келажак ишлари вакили Ўзбекистонда ҳукумат акселератори фаолиятини ташкил этишда хорижий экспертларни жалб қилиш орқали ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.