Ўзбекистон албатта кучли учликка киради
Маълумотларга кўра, дунёда бройлер гўштини етиштириш бўйича АҚШ, Хитой ва Бразилия етакчилик қилади.
Маълумотларга кўра, дунёда бройлер гўштини етиштириш бўйича АҚШ, Хитой ва Бразилия етакчилик қилади. МДҲ мамлакатлари доирасида эса Россия, Украина ва Беларусь кучли учликни банд қилмоқда.

Юртимизда ҳам бу борада кўрилаётган чоралар туфайли йил сайин юксалиш кузатилмоқда. Мисол учун, 2010 йилда 3 миллиард дона тухум тайёрланган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 6,6 миллиард донани ташкил этди. Парҳезбоп гўшт етиштиришда ҳам сезиларли ўсишлар кузатилмоқда. Ўтган йили 168 минг тонна товуқ гўшти тайёрлангани ҳам бунинг исботидир. Ваҳоланки, бундан етти йил аввал бу рақамлар миқдор жиҳатдан 30 минг тоннани ташкил этарди.
Келгусида бу борадаги имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда аҳолининг парҳез, парранда гўштига бўлган талаби ортиб боришини инобатга олган ҳолда синов тариқасида бешта вилоятда кластер йўлга қўйилади. Бу лойиҳа ва қурилиш биринчи бўлиб Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бу лойиҳада парранда сони 10 миллион дона бўлган корхоналар иштирок этади. Улар аҳолига бройлер жўжаларни ва озуқани етказиб беради. Паррандалар вақтида ветеринар кўригидан ўтказилиб турилади ва охирида етказувчи гўштни сотиб олади. Сўнгра маҳсулотни экспорти билан шуғулланади.
– Ҳозирда аҳолини тухум билан 100 фоиз таъминлаяпмиз, истеъмолдан ортгани хорижга ҳам сотилмоқда, – дейди “Паррандасаноат” уюшмаси раиси Яшин Абдураззоқов. – Бироқ, парранда гўштининг 10 фоизи импорт қилинмоқда. Кластер усулини йўлга қўйсак, бу борада ҳам аҳоли эҳтиёжини тўлиқ таъминлашимизга ишонаман.
Ўзбекистонда паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжуманида юртимизда нафақат товуқчиликни балки куркачилик, ғозчилик, ўрдакчилик, беданачиликни янада ривожлантириш борасида ҳам маълумотлар берилди. Шунингдек, каклик, қирғовул, товус, туяқуш, цесаркаларни парваришлашга ихтисослашган янги хўжаликларни ташкил этиш режалаштирилаётгани эълон қилинди.