Ўзбек тили фахримиз
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида “Ўзбек тили - фахримиз” мавзусида анжуман ташкил этилди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида “Ўзбек тили - фахримиз” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Транспорт вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари иштирок этди.
Таъкидланишича, “Uzbekistan Airports” АЖ расман ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмаган бўлмасада, давлат тилида иш юритиш тўла йўлга қўйилди. Тизим маъмурияти бинолари, барча аэропортлардаги ёзувлар аввало ўзбек тили, сўнг бошқа эҳтиёж бўлган тиллардаги ёзувларга алмаштирилди.
Транспорт шаҳарларни, давлатларни, умуман қитъаларни бир-бири билан боғлайди. Ҳеч бир давлатнинг тараққиётини транспорт соҳасисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ватанимиз остонаси ҳисобланган халқаро аэропортларимизнинг юртимиз ривожида тутган ўрни салмоқлидир. Дарвозамиздан кириб келган меҳмоннинг давлатимиз ҳақидаги илк тасаввури ҳам айнан шу ерда пайдо бўлади.
Тил яшаса, миллат яшайди. Миллий ўзликни акс эттирган она тили ва Ўзбекистоннинг дунёга танилишида ҳаво дарвозалари, яъни аэропортлар муносиб кўприк вазифасини бажариши бош мақсад этиб белгиланган.
Тадбир доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ нинг фаол ходимлари рағбатлантирилди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари ижросида “Навоий Астрабодда” спектаклидан парча намойиш этилди.