Ўзбек тили дунёдаги энг бой тиллардан биридир
“Она тили – миллат кўзгуси” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн анжумани ўтказилди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Ўзбекистон халқаро ислом академияси мумтоз шарқ филологияси факультетининг ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти кафедраси томонидан “Она тили – миллат кўзгуси” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн анжумани ўтказилди.
Анжуман “Ўзбек тилшунослигининг назарий масалалари”, “Давлат тилининг соҳаларда қўлланилиши”, “Давлат тили ва унинг нуфузи”, “Ўзбек ва шарқ тилларининг қиёсий тадқиқи ва солиштирма тилшунослик” каби мавзуларда шуъбаларга бўлинган ҳолда ташкил этилди.
Тадбирда олимлар, тилшунослар, ўқитувчилар, талабалар қатнашди.
– Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш мақсадида, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиий, — дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев. – Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши муҳим тарихий воқеа бўлди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов буюк аллома Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамуту-л-адаб”нинг ўзбек тили луғат бойлиги ривожидаги ўрни” мавзусида маъруза қилди.
– Буюк тилшунос, луғатшунос олим Абулқосим Маҳмуд Замахшарий илмий меросида “Муқаддамату-л-адаб” алоҳида ўрин эгаллайди,– дейди Зоҳиджон Исломов. – Абулқосим Маҳмуд Замахшарийнинг ягона кўп тилли, илмий асари “Муққадамат ул-адаб” ҳисобланади. Бу нодир асар каби кўп тилли, кенг қамровли, мураккаб тузилишли, қомусий асар филология фани тарихида кам учрайди.
Конференция давомида “Ўзбек тили тарихида “нутқ” ва “ёзма адабий тил” тушунчаларининг ифодаланиши”, “Ўзбек лингвомаданиятшунослигнинг долзарб масалалари”, “Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги бадиий адабиёт учун ҳаракатлари”, “Ўзбек ва турк тилларидаги -ган/мис шаклли феъллар”, “Ўзбек тили – менинг ҳам она тилим!”, “Уй ҳайвонлари номи асосида шаклланган ўзбек халқ мақолларининг лингвистик асослари”, “Истиқлол йилларида сўз талқини масалалари”, “Ўзбек тилида нейминг ва унинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш муаммолари”, “Ўзбек тилининг туркий тиллар орасида тутган ўрни ва мавқеи”, “Давлат тилининг тарихий ва сиёсий аҳамияти хусусида” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Анжуманда ўзбек тилининг туркий тиллар оиласидаги ўрни ва мавқеи хусусида сўз юритилди.
– Фан соҳасининг тарихи тилда ўша соҳага тегишли атамалар тизимининг юзага келишидан бошланади, – дейди филология фанлари доктори Қосимжон Содиқов. – Тилда соҳа тушунчалари билан бир пайтда унинг атамалари ҳам яратила бошлайди. Айни ўлчовларга таянадиган бўлсак, ўзбек тили тарихида тил билимининг, яъни тилшуносликнинг юзага келиши жуда эски замонлардан бошланганига гувоҳ бўламиз. Муҳими шундаки, илк ўрта асрларда яратилган ёзма ёдгорликларда тил билими билан боғлиқ тушунчаларни акс эттирувчи бутун бошли атамалар тизими мавжуд эди. Буларнинг бари ота-боболарнинг ёзма меросида сақланиб қолган.
– Тилшунослик нуқтаи назардан туркий тил ўғуз, қипчоқ ва қарлуқ-чигил гуруҳларига бўлинади, – дейди олим Султонмурод Олим. – Ўзбек тили ва ўзбек адабий тили деган тушунча бор. Ўзбек тили катта, ўзбек адабий тил эса кичикроқ тушунча. Ўзбек адабий тили қарлуқ-чигил гуруҳига кирса, ўзбек тили ҳар уч гуруҳ таркибига ҳам киради. Чунки юртимизда ҳар уч гуруҳга мансуб ўзбеклар яшайди. Улар мана шу лаҳжаларда мулоқот қилади. Бундан кўринадики, туркий тилларнинг эпицентри ўзбек тили саналади.
Оғзаки нутқ лаҳжаларимиз уч гуруҳга мансуб бўлса ҳам, адабий тилимиз бир эди. Ўзбек адабий тилида асарлар ёзилади. Ҳаттоки қипчоқ уруғидан чиққан Шайбонийхон қарлуқ-чигил тилида асар ёзган. Замонавий технологиялардан фойдаланиб, барча тиллар лексикасини ўрганадиган бўлсак, туркий тил оиласида ўзбек тиличалик бой тил йўқ. Чунки халқимиз ўғуз, қипчоқ ва қарлуқ гуруҳларидаги сўзлардан фойдаланади. Бундан ташқари, қадимий ёзма манбаларнинг асосий қисми ўзбек тилида ёзилган.
Она тилимиз имкониятларидан унумли фойдаланиш, унинг бой тил эканини тарғиб қилиш зарур. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаётдир. Миллатнинг тараққий этиши, дунё саҳнасида ривож топишида ҳам айнан она тили муҳим роль ўйнайди.