Ўзбек тили байрами кенг нишонланмоқда
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ҳам ушбу байрамни муносиб ўтказиш бўйича бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
"Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”
Абдулла Авлоний
Республикамиз бўйлаб нишонланаётган “Ўзбек тили байрами”да халқнинг қувончига шерик бўлиш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ҳам ушбу байрамни муносиб ўтказиш бўйича бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Хусусан октябрь ойи давомида Институт ва унинг жойлардаги филиалларида она тилимиз ҳақидаги ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди, ўзбек тилида чоп этилган янги китоблар тақдимотлари ва савдолари ташкил этилди, давлат тилига ҳурматни акс эттирувчи кўргазмали тарғибот материаллари тайёрланиб таълим олувчиларга тақдим этилди.
Жорий йилнинг 20 октябрь куни Институтда тилшунос олим ва давлат тили бўйича етук мутахассислар иштирокида “Она тилим менинг фахрим” мавзусида видеоконференция шаклида онлайн давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Али, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти кафедра доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Саидалиев, Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари, Институт профессор-ўқитувчилари, ИИВ академик лицейларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирок этди.
Тил байрамига таклиф этилган таниқли ёзувчи, шоирлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлганини, янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда она тилимизнинг нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини, тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлигини уқтириб ўтишди.
Институт ва унинг филиалларида байрам муносабати билан режалаштирилган маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
ИИВ Малака ошириш институти