Ўзбек рассоми нигоҳидаги Хитой
Ижодкор учун бугун жамиятимизда кўплаб имкониятлар яратилган.
Ижодкор учун бугун жамиятимизда кўплаб имкониятлар яратилган. Дунё мамлакатларидан юртимизга ташриф буюраётган юзлаб шоир ва ёзувчилар, рассом ва олимлар каби ўзбекистонлик ижодкорлар ҳам хорижий мамлакатларда бевосита ижодий сафарларда бўлиб, миллатимизнинг маънавий, маърифий қиёфасини дунё миқёсида намойиш этаётир.
Маданий мерос департаменти Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси бўлим бошлиғи, Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, меъмор ва рассом Шавкат Музаффар Хитой таассуротлари ҳақида мухбиримизга сўзлаб берди:
– Хитой Халқ Республикасининг юртимиздаги элчихонаси гранти асосида бир нечта ҳамюртларимиз билан ушбу мамлакатга бориш насиб этди. Сафар дастури жуда бой ва қизиқарли бўлди. Дастур ўз ичига қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, қизиққанлар учун анъанавий Хитой табобати курслари, маданий мерос ёдгорликларига, музей ва галереяларга, табиат масканларига саёҳатни ва шу билан бирга менинг кичик кўргазмамни ўз ичига олган эди. Самолётимиз тонгда мамлакат пойтахти Пекин шаҳрига бориб қўнди. Божхона расмиятчилигидан сўнг, бизни улкан аэропорт остонасида мен ва йўлдошларим исми, мамлакатимиз номи битилган ёзувни кўтарган мезбонлар вакили кутиб олди. “Ауди” лимузинда меҳмонхонага бир соатлар чамаси катта ва узун йўлдан кетдик. Эрталаб бошқа мамлакат вакиллари ҳам етиб келишди. Улар орасида Мўғулистон, Ҳиндистон, Либерия, Непал, Чехия давлатларидан келган врачлар, олимлар, мусиқачилар ва бошқа касб эгалари бор эди.

Биз улар билан танишиб, тезда дўстлашиб кетдик. Мен, айниқса, суҳбатдошига доим табассум билан боқувчи ҳиндистонлик самимий йигит – профессор Рави Шарма, непаллик Радха ва мўғилистонлик Наомин билан тез чиқишиб кетдим. Бу борада мактаб даврида ўрганган чала-чулпа инглиз “тилим” бир оз қўл келди. Ҳаво 35 даража иссиқдан ошмаслигига қарамасдан кийимларимиз жиққа ҳўл бўлади. Чунки ҳавода намлик даражаси жуда баланд. Кир ювсангиз, 3 кунда қурийди. Борган кунимиз мезбонлар ҳар биримизга соябон беришганида ҳайрон бўлгандик. Чиндан ҳам ёз бўлишига қарамасдан кун ора ёмғир ёғар эди.
Мамлакат пойтахти Пекин хитой тилида “Бейцзин“– шимолий пойтахт деб аталаркан. Пекин замонавий ва тарихий шаҳардир. Кўчалар 30-40 йил аввал қатъий режа асосида асосан тўртбурчак даҳалар тарзида қайта режалаштирилган, имкон қадар тарихий қисмидаги кўча ва бинолар сақланган. Биз дастлаб “Ёзги сарой” комплекси, кейин эса Тяньаньмэнь майдони ва “Ёпиқ шаҳар” обидалари билан танишдик. Ёпиқ шаҳар жуда улкан ҳудуддан иборат, атрофини канал ўраб туради. Мазкур обида императорнинг қароргоҳи ҳисобланиб, унда саройлардан ташқари, ҳарамлар, хизматкор, канизак ва ғуломлар учун бинолар, ошхоналар, омборлар ва ибодатхоналар ўрин олган. Меҳмонхона конференц залида Хитой давлати тарихи, географияси, давлат тузими, аҳолиси, урф-одатлари, хитой тили ва бошқалар ҳақида инглиз тилида маърузалар бўлди.

Қуйидагиларни билиб олдик: Хитойда давлат тили хитой тилидир. Умумэътироф этилган ёзув – хитой иероглификаси. Иероглифлар 6000 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд. Улар жисм ва ҳаракатларни расм орқали ифода этиш натижасида пайдо бўлган ҳарфлар эмас, балки сўз бўғинлари ҳисобланади. Хитой каллиграфияси санъат даражасига кўтарилган. Унинг ёзув услублари жуда кўп...
Дўконлари ҳар куни соат 9.00 дан соат 19.00 гача очиқ бўлади. Энг йирик шаҳарларда соат 22.00 гача ишлайди. Хусусий магазинларда ва айрим гипермаркетларда савдолашиш мумкин. Ҳаттоки рус тилида бийрон сўзловчи хитой сотувчиларини учратдик. Хитойда оғирлик бирлиги – 1 цзинь = 0,5 кг, маҳсулот нархини сизга айнан 1 цзинь учун айтишади.Улкан гипермаркетларидан ташқари кўплаб хусусий дўконлар мавжуд. Айримлари ўта ихчам бўлишидан қатъи назар, ичида одам жонидан бошқа ҳамма нарса топилади ва нархлар анча арзон.
Хитой таомлари жуда хилма-хил. Унда сабзавот, гуруч ва дуккакли ўсимликлар, полиз экинлари, оддий ва денгиз кўкатлари, гўшт ва денгиз маҳсулотлари кенг ўрин олган. Нонни жуда кам ейишар экан. Хитойда кўплаб халқлар яшагани боис, таомлари ҳам ранг-баранг. Жанубий провинцияларга боргансари овқатлар ҳам экзотик бўлиб бораверади. Пекинда асосан балиқ, парранда гўшти (товуқ, ғоз, ўрдак), қисқичбақалар ейилса, жануброқда нозик меҳмонларга қурбақа ва чиғаноқлар тортилади. Менга, айниқса, Пекинча ўрдак жуда ёқди. Уни ҳам тандир кабоб сингари тандирда пиширишар экан.

Хитойда расмий байрамлар: январда Янги йил, январь-февраль ойларида Баҳор байрами, (Хитой ой тақвими бўйича Янги йил байрамида уч кун дам олиш), 8 март (Халқаро хотин-қизлар куни), 12 март (Кўчат ўтқазиш куни), 1 май (Меҳнаткашларнинг бирдамлик куни), 4 май (Хитой ёшлари куни), 1 июнь (Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни), 1 август (Хитой халқ озодлик армияси куни), 10 сентябрь (Ўқитувчилар куни), 1 октябрь (ХХР нинг миллий таълим байрами, икки дам олиш куни). Хитойнинг турли провинцияларида маҳаллий байрамлари ҳам бор. Мамлакат автомобиль йўллари тармоғи билан қопланган, текис жойларда автомобиль йўллари ҳар бир посёлка марказигача етади. Шаҳарда баъзан 3 қаватли эстакадаларни кўриш мумкин. Буларда транспорт воситалари турли тезликда ҳаракат қилади. Хитойда енгил автомобилларни ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган ва Volkswagen, Toyota, Peuogeot, Citroen, Honda, Renault, Nissan, BMW каби чет эл ишлаб чиқарувчилари билан қўшма корхоналар тузилган. Кўчаларда ушбу автомобилларнинг энг сўнгги нусхасини кўриш мумкин. Шунингдек, Хитойнинг мини автомобиллари – купелар ҳам кўп.
Дунёга машҳур анъанавий халқ табобатига асосланган Сиюань госпитали билан танишдик. Бу ерда 2000 дан ортиқ турдаги табобат услуби асосида даволашар экан. Ҳеч қандай укол, операция, капельница (осма укол) йўқ, фақат нуқтали уқалаш, массаж, физотерапия, компрес, игна қўйиш, фитотерапия, нуқтага таъсир этувчи дориворли пластирлар ва бошқа турдаги муолажаларни ўз кўзимиз билан кўрдик, суратга туширдик. Ўзимизга ҳам керакли муолажалар олиш имконияти яратилди ва бир-икки ҳафтада бу муолажаларнинг юқори самарасини кўрдик.
Яратганга шукрки, айрим дардларимиздан буткул халос бўлдик. Умуман олганда, хитой табобати бу нафақат табобат, бу чуқур фалсафа, психология, санъат, мусиқа, маданият, этика ва эстетиканинг йиғиндиси эканлигига амин бўлдим. Асосий урғу ин ва ян қувватининг уйғунлигига урғу берилади. Ҳар бир муолажанинг ўз соати ва вақти бор. Унга ёндашувнинг ўзи бир катта маданият. Муолажа вақтида инсоннинг руҳий ҳолати мувозанати, асаблари тинчлиги ўта муҳим. Бирорта табобат ходимининг юзида асабийлик, тарангликни кўрмадим. Аксинча барчалари самимият билан боқишади, сизни диққат билан тинглашади. Ҳаракатлари ҳам тез суръатда, чаққон бўлишига қарамай, жуда нафосатли, майин эди. Ҳар қандай инсонга алоҳида меҳр билан муносабатни сезиш қийин эмас.

Кечки овқатдан кейин кўпчилик иштирокчилар бассейн ва дискотекаларга йўл олса, камина кўрган манзараларимни сувбўёқ ёрдамида қоғозга тушира бошладим. Сафар якунида 30 га яқин акварель ва хитой ҳаттотлиги бўйича асарларим тайёр бўлди. Кўргазма қилиш ниятим борлигини аста-секин Мажо исмли куратор қизга айтдим. У эса ишонмай хонамга келиб, асарларни кўриб кетди ва севинчи ичига сиғмай, нима ёрдам кераклигини сўради. Менга шу улкан меҳмонхонанинг холл қисмида кўргазма қилиш имкони бўлса, етарлигини билдирдим. У раҳбарият билан маслаҳат қилиб, жавобини айтишни маълум қилди...Тез орада ўзбекистонлик Шавкат расмлари кўргазмасини қилмоқчи экан, деган хабар сафардошларим орасида тарқалди. Мени янада ҳурмат қила бошлашди. 1 сентябрь куни ҳамюртим Данахон эринмасдан картадан Ўзбекистон элчихонасини топиб бориб, юртимиз байроғини келтирди. Байроқни деворга осиб қўйдик. Бу кеча меҳмонхона ресторанида катта байрам бўлди. Меҳмонхонада “Андижон полкаси”дан тортиб, “Лазги”гача, Муножот Йўлчиеваннинг муножотлари-ю ва мен танимайдиган аллақандай замонавий эстрада хонандаларининг қўшиқлари янгради. Ҳамма юртдан келганлар билганларича ўзбекча ўйинга тушдилар. Ва ниҳоят 5 сентябрда саёҳат-тренинг тантанали ёпилиш маросими куни каминанинг Пекиндаги шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ташкилотчилар, “Сиюань” госпитали ва жуда кўп юртлардан келган меҳмонлар иштирок этишди. Ўша кунлари Араб ва Африка мамлакатларидан келган меҳмонлар ҳам кўп эди. Кўргазманинг ўнг бурчагида араб каллиграфиясида ёзилган оққуш шаклидаги “Бисмиллоҳ” сўзлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Шунингдек, манзаралардан ташқари хитой каллиграфиясида ёзилган энг эзгу сўзлар ёзилган асарлар ҳам бор эди. Кўргазманинг бир четида ўзларига билдирмай чизилган сафардошларимнинг қоралама портрет ва шаржлари ҳамманинг кайфиятини кўтарди. Барчалари келиб, мени қучоқлаб ўз ташаккурларини изҳор қилдилар. Каллиграфия асарларимни мени муолажа қилиб даволаган “Сиюань” госпитали вакилларига совға сифатида топширдим. Бу мендан арт терапия муолажаси, дея ҳазиллашдим... Улар қувончининг чеки йўқ эди. Бу юртда ҳам рассомларнинг, санъат асарларининг қадри баланд эканлигини ҳис қилдим.