Ўзбек аёли эплими ё сеплими: бемаъни шартлардан келиб чиқаётган ажримлар...
РАҚАМЛАРДА АКС ЭТГАН ҲАЁТ...
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида аҳолининг туғилиш ва ўлимни қайд қилиш, никоҳ, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, ажримлар билан боғлиқ ҳолатларни умумий статистик рақамларда кундек равшан кузатиш мумкин. Ушбу рақамларни таҳлил қилар экансиз, минглаб хонадонларда бахт, янги фарзанд қувончидан порлаб кетасиз. Гоҳида айнан шу статистика орқали кўнглингиз мулзам бўлади, ўйлантириб қўяди...
РАҚАМЛАРДА АКС ЭТГАН ҲАЁТ...
Фарғона вилоятида сўнги 6 ой давомида 8 минг 180 та никоҳ қайд этилган. 21 та ФҲДЁ бўлимларида 41 минг 689 нафар чақалоққа туғилганлик гувоҳномалар расмийлаштириб берилди. Бу эса ўтган йил шу даврига нисбатан 2,5 мингтага кўп дегани. Шундан 21 минг 642 нафари ўғил болалар ва 20 минг нафари қиз болалар эканлиги маълум бўлди. Мамлакатимизда ҳаёт бир маромда давом этаётганидан бошингиз кўкка етади. Ҳатто пандемия шароитида ҳам 3 минг 300 дан ортиқ ёш жуфтликлар расмий никоҳдан ўтиш учун онлайн ариза беришганлиги қувонарли.
БИРОҚ...
Оила кодексининг 13-моддасига асосан, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Фарзандга туғилганликни қайд этиш гувоҳномасини олиш учун ҳам ўртадаги никоҳ гувоҳномаси бўлиши шарт. Агар никоҳ шаръий бўлса, фарзанд биринчи ўринда оталикка олиниб, унинг туғилганлиги қонуний равишда қайд этилади.
Ўтган давр мобайнида вилоятда расмий никоҳсиз 2 минг 467 та фарзанд дунёга келган. Янада тушунарлироқ айтганда, ҳудудда сўнги олти ой давомида ФҲДЁ органлари томонидан фақатгина шаръий никоҳда яшаб келаётган шунча оилалар аниқланган. Минг афсуски, янги оилалар қурилиши билан бир қаторда ажримлар ҳам мавжуд.
АЖРИМЛАРНИ КАМАЙТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Яшаб турган шу жамиятимиз учун бир дона ажрим ҳам кўп аслида. Чунки ҳар бир рақам остида минглаб тақдирлар яширин.
Шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан деярли ўзгаришларсиз қолаётганининг асосий сабаби - ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштирмайди. Бундан ташқари, ажралаётган оилаларнинг аксарияти судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олишмайди.
Бизнингча, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр-қимматини имкон қадар ошириш лозим. Нега? Чунки бизда никоҳ арзонгаров бўлиб қолган. Асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилади. Маросимлар биринчи ўринга қўйилади. Ким нимага қийинчилик билан эришса, уни шунчалар қадрлаши табиий, албатта. Ҳозирда эса ўзимизнинг шахсий орзу-ҳавасларимиз туфайли ёшларимизга никоҳ ва келин бўлмишни осонгина бериб қўяётгандекмиз. Шарқ мамлакатларининг кўпчилигида эса келинпошша ҳам, никоҳ ҳам қиммат. Масалан, Туркия, Япония, Хитой, араб мамлакатларида келинни уйга олиб киришнинг ўзи бўлмайди. Унгача қанча шартлар бажарилиши керак... Аввало, қизга қалин пули - ҳисоб рақамига маълум бир йирик миқдордаги пул маблағи ўтказилади. Келинни келажакда асраб авайлашга, у билан бирга бахтли ҳаёт кечириб кета олишига яқинлари ва оила аъзолари ишонч ҳосил қилиши керак. Бизда эса куёвнинг уйига келин пошша ҳамма нарсасини - куёвнинг тўшагигача, қўл ювадиган, кир ювадиган машинасигача елкалаб боряпти. Афсуски, бу одатлар жамиятимизда ҳали ҳам тўлиқ йўқ бўлиб кетгани йўқ. Халқона жумла билан айтганда, бизда қиз арзон. Туркияда эса соқолига оқ оралаган бўлса ҳам уйланмай юрганлар қанча?! Чунки турмуш ва никоҳ қанчалар жиддий масала эканлигини, эркакка ҳам аёлга ҳам қанчалар масъулият юкланишини яхши билишади. Шунинг учун ҳам улар уйланишдан кўра ажримдан кўпроқ ўйга толишади.
МУСТАҚИЛ ФИКР...
Шарқ мамлакатлари тажрибасига таянадиган бўлсак, келинга ҳам, куёвга ҳам қўйиладиган талаблар жуда юқори. Бунинг устига, аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган. Хонадонда “келин хизмат қилиши керак, ойлигини қайнонаси ва ёки қайнотасига бериши шарт, деган тушунчалар умуман йўқ. Ушбу тамойиллар эртага оиланинг ажралиш ёқасига келиши ҳар икки томон учун ҳам қаттиқ ижтимоий ва молиявий зарба бўлишини жуда яхши билишади. Бизда-чи? Аксарият ажримлар айнан мана шундай майда-чуйда, бемаъни шартлардан келиб чиқаётгани бор ҳақиқат.
Минг афсуски, учинчисига, тўртинчисига, бешинчисига ҳам тўй томоша қилиб қиз бола келин олаётган оилалар ҳар бир вилоятда учрайди (келин топилаверганига ҳам ҳайрон бўласан киши). Бунинг устига, ҳар бир қурган оиласидан бир, икки нафар фарзанди борлари ҳам йўқ эмас. Эртага албатта алимент, никоҳ ажрим масалаларида бу оилаларда жанжал, чигал вазият юзага келиш эҳтимоли юқори. Бу эса жондан азиз қизларимизга «арзон», деган тамғани босиш эмасми? Ахир зарнинг қадри унинг ноёблигида, ҳа, деганда топилавермаслигида эмасми?
Яна рақамларга юзланамиз. Жорий йилнинг 6 ойи давомида ажримга оид 1 минг 300 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Шундан 692 таси суд қарори билан ажрашиш ҳолати ҳисобланади. Яна бир қизиқ факт. Ўтган ва жорий йилнинг олти ойи давомида биргина Фарғона вилоятида 275 нафар ёш қизларимиз чет эллик фуқаролар билан оила қурган. Бу рақамларни мамлакат миқёсида ҳисобласак, қанча эканлигини билиб олиш қийин эмас. Хитой, Корея, Япония, Туркия, араб диёри, мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари вакилларининг ўзбек қизларига уйланишининг кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолат эмасми? Чунки одамзод доимо осонини танлайди. Лекин улар ўзбек аёлларининг сабр-бардоши, эпли ва сепли эканлиги учун танлаётганига ишонгимиз келди.
Юқорида келтирилган фикрлар билан аёлларимиз чет элга турмушга чиқмасин, тўйлар ва тўёлди ишлари бошқа кўриб чиқилиши керак, дейиш фикридан йироқмиз. Фақат бирозгина ажримлар, шаръий никоҳлар билан чекланишдек жамиятимиздаги муаммоларни таҳлил қилишга, унинг туб илдизларини очиб беришга уриниб кўрдик. Биз шунчаки фикр бердик, хулоса қилиш эса ўзингизга ҳавола...
Шаҳноза ИМОМОВА,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
бўлим бошлиғи