Заводда коронавирус карантини янада кучайтирилди
Ҳукумат комиссиясининг топшириғига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқарилиши ташкил этилди.
Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат комиссиясининг топшириғига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқарилиши ташкил этилди. Ходимларнинг бир қисми масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиб, қолганлари одатдаги тартибда ишламоқда.
Завод ишчиларининг фақатгина тиббий ниқоблардан фойдаланилган ҳолда ишга киритилишига рухсат бериш тартиби жорий этилиб, ишчиларнинг қўлларига махсус антисептик суюқликлар билан ишлов берилмоқда.
Коронавируснинг тарқалмаслигига қаратилган профилактика чораларига хоналарни кунлик дезинфекциялаш, шу жумладан, эшик тутқичлари, калитлар, зина панжаралари, алоқа юзалари (ишчилар столлари ва стуллари, офис жиҳозлари), умумий фойдаланиш жойлари (овқатланиш, дам олиш, ҳожатхоналар), бундан ташқари, ҳар бир автобуснинг ташқи ва ички томони, тутқич, ўриндиқлар, эшикларига махсус дезинфекциялаш воситаси билан ишлов берилмоқда.
Ҳар бир цех, бўлим ва хизматларда коронавирус инфекциясининг аломатлари ва унинг олдини олиш усуллари кўрсатилган ахборот варақалари тарқатиш билан бирга, умумий фойдаланиш жойларида қўллар ва буюмларга санитар ишлов бериш воситалари жойлаштирилган.
Шунингдек завод ҳудудидаги электрон табло, заводнинг маҳаллий ва ижтимоий тармоқларида коронавирус инфекциясига қарши электрон-таҳлилий ахборот материаллари (фотосуратлар ва видеолавҳалар) бериб борилади. Завод радиоси орқали Бухоро НҚИЗ нинг тиббиёт-санитария қисми ходимлари ҳар куни шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига риоя қилиш, қўлларни мунтазам равишда совун билан ювиш ёки тери антисептиклари билан ишлов бериш, иш куни давомида ва мунтазам равишда (ҳар 2 соатда) хизмат хоналарини шамоллатиш кераклиги тўғрисидаги маълумотларни эшиттириб бориляпти.
Бундан ташқари, ишчи-ходимлар иштирокида ўтказилган барча оммавий тадбирлар бекор қилиниб, хизмат сафарлари чекланди ва завод ишчи-ходимлари саломатлиги ҳолати устидан назорат кучайтирилди.
Умуман олганда, Бухоро НҚИЗ да иш одатдагидек давом этмоқда, ходимларга зарур чоралар, коронавируснинг аломатлари ва тиббий ёрдам олиш тўғрисида маълумотлар доимий бериб бориляпти.