Заргарлик маҳаллий саноат драйверига айланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Мазкур қарор заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантиришга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби жорий этилади.
Ушбу тартиб 2026 йил 1 январига қадар амал қилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 февралдан бошлаб 2026 йил 1 февралга қадар "Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида сотишда заргарлик соҳасида 100 дан 300 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлик субъектларига - Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинг нархининг 1 фоизи миқдорида, 300 дан 500 тагача иш ўринларини яратганларга -2 фоизи миқдорида, 500 дан 1000 тагача иш ўринларини яратганларга -3 фоизи миқдорида, 1000 та ва ундан ортиқ иш ўринларини яратганларга -4 фоизи миқдорида чегирма берилади.
2023 йил 1 февралдан бошлаб, резидент ва норезидент жисмоний шахсларга - қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан тақарига олиб чиқишга, шунингдек, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга - заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат этилади.
2023 йил 1 февралдан бошлаб аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона режимига жойлаштириш ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилади.
Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳудудлардаги "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида Италия, Туркия каби хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Курсларни муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификат олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун 50 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
ЎзА