Зарбдорликлар зарбдор кунларни бошлади
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий мавсум учун зарбдор кунлар бошлади.
Вилоят экология бошқармаси хабарига кўра, туман ҳудудига ўтган 2021 йил куз фаслида жами 521 минг 885 туп мевали, манзарали дарахт кўчатлари ва бута қаламчалари экилганди. Айни пайтда, туман масъуллари томонидан экилган дарахтларни парвариш қилиш ва ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан экилган дарахт кўчатларининг таги юмшатилиб, суғориш ишлари амалга оширилди. Парваришлаш ишларида марказий кўчалар атрофига экилган биронта кўчат эътибордан четда қолмаяпти.

Шунингдек, Зафаробод туманида ҳам кўчат экишга старт берилди.
Шу туманда истиқомат қилувчи тадбиркор Ф.Уришевнинг ташаббусибилан чўл бағрида кўркам боғ барпо этилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбиркор тумандаги “Чимқўрғон”маҳҳала фуқаролар йиғини ҳудудидан ер олиб, ўз маблағи ҳисобидан 2 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экди.

– Чўл бағрида бунёд этилган яшил ҳудуд зафарободликлар учун яқин йилларда ажойиб яшил масканга айланади, – дейди тадбиркор Ф.Уришев. – Шу билан бирга боғ ҳаво мусаффолигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз. Қилган меҳнатимнинг элимизга нафи тегса, мен ўзимни бахтиёр ҳис қилардим.
Бугун вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида тозалик ва ободонлаштириш тадбирлари ўтказилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари бошланди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА