Зарарли ва хавфли дорилардан эҳтиёт бўлинг
Бухоро вилояти Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги ҳамширалар ҳам маҳалла ва қишлоқларда, Газли шаҳарчасида, Қизилравот, Гугуртли каби олис ва чекка ҳудудларда патронаж ишларини амалга ошириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш баробарида одамларимизни ўта хавфли деб топилган турли дори воситаларидан эҳтиёт бўлишга, ўз соғликларига эътиборли бўлишга чақирмоқда.
–Республикамизда дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ўтказилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол”нинг чуқурлаштирилган сифат назорат натижаларига кўра, ушбу препаратлар норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлиги аниқланган, – дейди Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Ражабова. –Уларнинг айрим серияларида пропиленгликол моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликол ва диетиленгликол моддалари мавжудлиги аён бўлган. Шу боисдан, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қолган дориларни ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида “Quramax Меdical” МЧЖ томонидан 2022 йил мамлакат ҳудудига олиб кирилган барча препаратлар сотуви тўхтатилган. Туманда истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларида ушбу дори препаратларини сақланиши ва ишлатилишига чек кўйиш мақсадида бирлашма патронаж ҳамширалари томонидан фаол патронаж тарғиботи олиб борилмоқда. Бу жараён туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибидаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари бўлмиш оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокорлик пунктларида ўтказилмоқда.

Айни кунларда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ходимлари ўзига бириктирилган ҳудудда уйма-уй юрган ҳолда хонадон дори қутисини назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда “Quramax Меdical” ёрлиғи бўлган барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу борада Санитария–эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ходимлари, маҳалла, туман ички ишлар ходимлари иштирокида тарғибот ишлари кучайтирилиб, буклет ва тарқатма материаллар ҳам тарқатилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА