“Зарафшон” тажрибаси оммалаштирилади
Бухоро шаҳридаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилган ишлар маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартирди. Бундан икки йил олдин бу ерга келган киши бу масканни танимаслиги аниқ.
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллиги шодиёналари давом этаётган шу кунларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мазкур маҳалланинг рамзий-маъмурий очилиш маросимида қатнашди.
Вилоят ҳамда шаҳар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тантанада вилоят раҳбари барча йиғилганларни энг улуғ ва энг азиз айём – мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Маҳаллада амалга оширилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари мисолида мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг амалдаги рўёбига алоҳида эътибор қаратди.
Ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал қилиш, ҳудуд инфратузилмаси билан боғлиқ йиғилиб қолган муаммо ва камчиликларни оқилона бартараф этишда бошқа маҳаллаларга яққол намуна қилиб кўрсатса арзигулик “Зарафшон” тажрибасини кенг оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Маҳалла ва унда истиқомат қилаётган аҳоли учун куз-қиш мавсумида рисоладагидек шароит яратиш юзасидан масъул мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
– Маҳаллада жуда катта ишлар бажарилди, – дейди “Зарафшон” маҳалла раиси йиғини раиси Абдураҳмон Луқмонов. – Аввало ҳудудда Ислом Каримов ҳамда Қаюм Муртазоев кўчаларидаги кўп қаватли уйлар даҳлизлари тартибга келтирилиб, бетонлаштирилди. Ўттизга яқин уй фасади қайта таъмирдан чиқарилди. Ораларидаги йўлаклар асфальтлаштирилди. Кейинги йилларда истеъмолчи сони ошгани боис юқори кучланишга бардош беролмай қолган электр трансформаторларнинг 4 таси янгиланди. Табиий газ тармоғидаги носозликларни бартараф этиш мақсадида 6 километрдан зиёд қувур янгисига алмаштирилди, иссиқлик тармоғидаги 4 минг метрга яқин қувур янгиланди. Кўп қаватли турар жойлар олдига ўттиздан ортиқ тунги ёритиш чироқлари ва ҳар бир даҳлизда ўриндиқлар ўрнатилди. Маҳаллада кундалик йиғилаётган маиший чиқиндини бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳар бир уй учун алоҳида экин ери ва гулзорларни суғориш мақсадида “Shimgen” сув насослари ўрнатилди. Бу аҳоли учун кўпдан кутилган иш бўлди. Шу кеча-кундузда эса аҳолининг талаб ва истаклари асосида маҳаллий тадбиркорлар томонидан нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини қуришга тайёргарлик кўрилмоқда.
Юқоридаги саъй-ҳаракат маҳаллада бошланган ишларнинг бир қисми, холос. Бевосита шаҳар ҳокимлиги ва маҳалла маъмурияти жонбозлигида нуронийлар, меҳнат фахрийлари дам олиш маскани, болажонлар учун спорт майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони қуриб фойдаланишга топширилгани ҳам кўпларни хурсанд қилмоқда. Бошқача айтганда, кун сайин шаҳарсозлик қоида ва меъёрларига мос чирой очиб бораётган маҳалла бунёдкорлик масканига айланган десак, муболаға бўлмайди.

– Ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар самараси ўлароқ “Зарафшон маҳалла чеварлари” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди, – дейди маҳалла раисининг Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари, айни пайтда мазкур корхона иш юритувчиси Замира Равшанова. – Бу ерга моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалардан тикувчиликка ўқуви бўлган хотин-қизлар ишга қабул қилинди. Ҳозирда ҳудуддаги мактаб, болалар боғчаси ва бошқа муассасалардан тушаётган буюртмалар асосида иш юритилмоқда. Сотилаётган маҳсулот айирбошлашдан тушган даромад ҳисобидан тикувчи ишчиларга 1,5 миллион сўм атрофида ойлик иш ҳақи берилаётир. Ҳудуддаги ҳарбийга ихтисослаштирилган 19-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун 2 минг донага яқин махсус кийим-бош, 23-сонли мактабгача таълим ташкилотига эса чойшаб ва кўрпа-ёстиқ жилдларини тикиб бериб, буюртмаларимизни кенгайтиряпмиз. Аксарият ишчилар “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан иборат. Матлуба Жалилова, Гулмира Абдуллаева, Мадина Одилова, Шаҳноза Бўроновалар ҳалол меҳнат билан даромад топишни бошлашди. Улар тоифаланган дафтарлардан чиқарилди.
Зариф Комилов, ЎзА