Зангиота тумани иссиқхоналарида тунги экорейд (+видео)
Тошкент ҳавосининг мусаффолиги учун кураш кетаётган бир вақтда Зангиота туманининг айрим ҳудудларидаги иссиқхоналарда иситиш қурилмалари талабга жавоб бермаслиги ортидан атмосфера ифлосланиши ҳолатлари аниқланмоқда.
Масалан, “Ҳаракат” МФЙ ҳудудидаги мана бу иссиқхонада ҳаво фильтрлари ўрнатилмаганлиги сабабли атмосферага зарарли моддалар чиқаётгани эколог инспектор томонидан таъкидланмоқда.
Маълум бўлишига тадбиркор иссиқхонага экиш учун олиб келинган помидор кўчатларини асраб қолиш мақсадида муқаддам фаолияти тўхтатилган эски русумдаги печ қурилмани яна қайта ишга туширган. Бу ҳолат бўйича огоҳлантирилган, лекин унинг айтишига қараганда печни ишлатишга мажбур бўлган. Фуқаро тез кунда камчиликларни бартараф этишга ваъда берди.
Иккинчи ҳолатда “Аҳмад Яссавий” маҳалласида фуқаро электр энергиядан тежаш учун ҳавони фильтрлаш ускунасини ўчириб қўйган. Натижада қорамтир заҳарли тутунлар пойтахтга қараб йўналмоқда. Бу ҳолатда ҳам фуқарони жойига чақириб, камчиликлар бартараф этилди, огоҳлантирилди ва жарима чоралари қўлланилди. Бундай ҳолат қайта такрорланмаслигига тадбиркор ваъда берди.
Албатта, тадбиркорлик фаолияти керак, лекин электр энергиядан тежаш эвазига қанчадан-қанча инсонлар саломатлигини хавф остига қўйиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Иссиқхона эгаси Козим Камоловга нисбатан шу ернинг ўзида маъмурий баённома тузилди.
Бугунги кунда ҳавонинг юқори даражада ифлосланишига қарши барча шаҳар ва туманларда махсус комиссия ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари ҳамкорлигидаги рейд тадбирлари давом этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wKk9EvKSkD8" title="Zangiota tumani issiqxonalarida tungi ekoreydsi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА