Замонлар оша маданият: Ўзбекистон
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Замонлар оша маданият: Ўзбекистон” номли кўргазма ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Замонлар оша маданият: Ўзбекистон” номли кўргазма ўз ишини бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, санъатшунос олимлар, талаба-ёшлар, журналистлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро дўстлик ва қардошлик алоқалари хусусида сўз юритилиб, мазкур кўргазма ана шу ҳамкорлик самараси экани таъкидланди.
Туркия ва Ўзбекистоннинг Маданият ва Ташқи ишлар вазирликлари, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), “Турк ҳаво йўллари” кўмагида ташкил этилган кўргазмадан ўнлаб ўзбек ва турк ижодкорларининг асарлари ўрин олган.
– Туркиянинг маданият ва санъат соҳасида муҳим фуқаролик жамияти ҳисобланган “Инсон ва маданият ҳаракати” ташаббуси билан Буюк ипак йўли ўтган мамлакатларда асрлар мобайнида жамланган бой тажрибалар турк ва ўзбек уста санъаткорлари томонидан қайта жонлантирилди. Бугун улар Тошкентда намойиш этилмоқда, – туркиялик кўргазма ташкилотчиси Марям Гуней. – Маҳоратли уста санъаткорлар томонидан яратилган асарлар ҳамда олимлар томонидан тайёрланган кенг қамровли илмий анжуман китоби Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тарихини, маданиятини тарғиб қилиш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшади.
Кўргазма доирасида "Ўтмишдан ҳозирга қадар Ўзбекистон – Туркия муносабатлари" мавзуида конференция ташкил этилди. Унда Сакрая университети доценти Муҳаммад Билол Челикнинг “Ўзбекистон ва Онадўли ҳудудлари ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар”, доцент Шерзодхон Маҳмудовнинг “Усмонли – Туркистон алоқалари”, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети профессори Аъзамжон Раҳмоновнинг “Ўзбекистон – Туркия сиёсий ва иқтисодий муносабатлари” мавзуидаги маърузалари тингланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Туркия ижодкорларининг маҳорат дарслари ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
Кўргазма 28 сентябргача давом этади.