Дунё доимо ўзгаришда. Ҳар бир авлод ўзидан олдингилар мерос қилиб қолдирган қадриятлар, урф-одат ва анъаналар билан яшайди.
Аммо кейинги чорак аср давомида замоннинг шиддатли ривожланиши натижасида ушбу қадриятлар билан янги тенденциялар ўртасида кескин тўқнашув юзага келмоқда. Баъзилар учун анъаналар миллий ўзликни сақлашнинг ажралмас қисми бўлса, бошқалар учун тараққиёт йўлида тўсиқдек туюлиши мумкин.
Анъана ва замонавийлик ўртасидаги зиддият ҳар доим ҳам кескин эмас. Улар бир-бирини тўлдириши ҳам мумкин.
Анъана – бу миллатнинг илдизи, ўзлигини сақлаб қолиш воситаси. У аждодлар ҳаёти давомида синовдан ўтган қадриятларни ўз ичига олади. Масалан, оилавий қадриятлар, миллий либослар, урф-одат ёки ахлоқ меъёрлари халқнинг маънавий пойдеворини ташкил қилади.
Ўзбекистонда ҳам азалдан оилага бўлган ҳурмат, меҳнатсеварлик, катта-кичик орасидаги одоб ва меҳмондўстлик каби қадриятлар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Булар нафақат жамият барқарорлигини таъминлайди, балки миллий ўзликни ҳам мустаҳкамлайди. Анъаналар бизнинг кимлигимизни белгилайди. Улар авлоддан-авлодга ўтиб, ҳаётимизга мазмун бахш этади. Масалан, Наврўз юртимизда нафақат байрам, балки миллий қадриятни асраб-авайлаш ва одамларни бирлаштириш воситаси ҳамдир. Шу каби оилавий удумлар, тўй маросимлари ёки меҳмондўстлик маданияти бизнинг кимлигимизни белгиловчи анъаналардир.
Лекин анъаналар ҳам доим бир хил қолиб кетмайди. Масалан, қадимда “Келин салом” маросими қаттиқ риоя қилинадиган одатлардан бўлган. Ҳозир эса бу расмиятчилик кўп жойларда янгича шаклга эга бўлди ёки мутлақо йўқолди. Бу нимани англатади? Анъаналар ҳам замон билан ўзгаради. Замонавийлик эса янги технологиялар, илм-фан ва глобал таъсирлар орқали ҳаётимизни ўзгартирмоқда. Интернет пайдо бўлиши билан ахборот алмашиш тезлашди, турли халқларнинг одатлари бизга сингий бошлади. Дейлик, Ўзбекистонда илгари одамлар асосан анъанавий миллий либосларда юришган бўлса, бугунги ёшлар кўпроқ замонавий кийиниш услубига эътибор қаратишмоқда.
Бу яхшими ёки ёмон? Масалан, баъзи ота-оналар фарзандларининг тўйини миллий анъанавий асосда ўтказишни истаса, ёшлар замонавий, ихчам маросимларни афзал билиши мумкин. Демак, замонавийликнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Замонавийлик эса, ўз навбатида, инсон ҳаётини енгиллаштириш, янгиликларга очиқ бўлиш ва дунё билан ҳамнафас яшашни талаб қилади. Илм-фан, технологиялар ва ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши жамиятни олдинга силжитади. Айтайлик, гендер тенглик, таълим ва меҳнат қилиш имкониятлари, ижодий фикрлаш каби тушунчалар замонавий қарашлар натижасида шаклланмоқда.
Айни пайтда замонавийлик ҳам икки томонлама таъсирга эга. Бир томондан, у тараққиёт калити бўлса, иккинчи томондан, миллий қадриятларнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, Ғарб маданиятининг таъсири остида ёшлар ўзбек миллий урф-одатларига нисбатан камроқ қизиқиш билдирмоқда. Аслида, масаланинг моҳияти «анъана ёки замонавийлик» танловида эмас, балки уларнинг уйғунлашишидадир. Анъаналар миллий ўзлик ва қадриятларни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнайди. Замонавийлик эса тараққиёт сари йўл очади. Энг тўғри йўл – уларни бир-бирини тўлдирувчи куч сифатида қабул қилиш.
Мисол учун, миллий либосларни замонавий услуб билан уйғунлаштирган дизайнерлар миллий маданиятни ҳам ривожлантиради, ҳам уни ёш авлод орасида оммалаштиради.
Анъана ва замонавийлик ўртасидаги "тўқнашув" табиий жараён саналади. Бироқ миллий ўзлик ва қадриятларни йўқотмаслик муҳим. Бунда анъаналарни замонавий ҳаётга мослаб, уларни янги шаклда ривожлантириш ҳам мумкин.
Сардор Саъдуллаев,
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг
Халқаро журналистика факультети талабаси.