
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро туманида давлат-хусусий шериклик асосидаги 226 миллион долларлик лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт барпо этилади. Бу билан соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Айни кунда фаолият кўрсатаётган Бухоро халқаро аэропорти аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари қатновларни кўпайтириш имконини чекламоқда. Аксарият сайёҳлар Бухорога келиш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлмоқда. Вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 10 миллионга етказиш режа қилинган.




Янги қурилаётган аэропортда ишларни жадаллаштиришга бағишланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республика идоралари мутасаддилари, соҳага дахлдор масъуллар, қурилиш-пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ботир Зарипов мутасаддиларга ишчи-ходимлар ва техникаларни кўпайтириш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири