Замонавий уйлар – юрт кўрки
Мамлакатимизда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган замонавий массивлар қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, жойларда инфратузилмани ривожлантириш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган замонавий массивлар қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, жойларда инфратузилмани ривожлантириш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Замонавий ва миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган кўркам массивларда кенг ва равон йўллар, ижтимоий объектлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилиб, табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланаётгани янги уйларга одамларнинг қизиқишини кучайтирмоқда. Янги турар жой массивларида қад ростлаётган якка тартибдаги намунавий уйлар буюртмачилар улуши ва тижорат банкининг узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан қурилаётгани, эътиборлидир.
Ўтган йилларда Сурхондарё вилоятидаги 125 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 3 минг 734 замонавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Янги уйларнинг лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, қуриш ва уйни тайёр ҳолда топшириш билан боғлиқ барча ишларнинг тизимли амалга оширилаётганидан буюртмачилар жуда миннатдор, – дейди “Қишлоққурилишинвест” масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали директори ўринбосари Қудрат Қурбонниёзов. – Бундай тизимнинг жорий этилгани қишлоқ аҳолиси учун қулайликлар яратиб, ортиқча оворагарчилик ва харажатларга барҳам берди. Солиқ тўловларида яратилган имтиёзлар ҳам кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 7 январдаги “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилда Сурхондарё вилоятида 16 қишлоқ массивида 975 намунавий уй-жой барпо этилмоқда. Жарқўрғон туманидаги Меҳнат-роҳат массивида 95, Сариосиё туманидаги Хуфор массивида 60, Қумқўрғон туманидаги Боғаро массивида 40, Термиз туманидаги Солиобод массивида 155, Ангор туманидаги Наврўз массивида 40 намунавий уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда.
Ангор туманидаги Наврўз массивида “Таллашқон-инвест” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари ўнта янги уйни тез, сифатли барпо этаётир. Маҳаллий қурилиш материалларидан унумли фойдаланилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда.
– Замонавий массивдаги янги уйлар маҳаллий қурилиш материалларидан барпо этилаётганидан фахрланамиз, – дейди “Таллашқон-инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исмат Рўзиев. – Айни кунларда пардозлаш ишларини амалга ошираяпмиз. Шароити шаҳарникидан қолишмайдиган бу уйлар Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Термиз туманидаги Тинчлик массивида қад ростлаётган 265 намунавий уй-жойда ҳам қурилиш ишлари қизғин давом этаётир. Барча шароитга эга бўладиган замонавий турар жой биноларида янги йилгача уй тўйларини нишонлаш кўзда тутилган.
– Массивнинг катта йўл бўйида аҳоли учун зарур ижтимоий-инфратузилма объектлари ҳисобга олиниб барпо этилаётгани бизда катта қизиқиш уйғотди, – дейди термизлик Олим Отақулов. – Оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, тўрт хонали уйга буюртма бердик. Барча қулайликка эга замонавий уйда яшашимиз учун кўрсатилаётган бундай эътибордан миннатдормиз.
“Қишлоққурилишинвест” масъулияти чекланган жамияти вилоят филиалидан олинган маълумотларга кўра, қишлоқлар кўркига кўрк қўшаётган янги массивларда юздан ортиқ қурилиш ташкилоти бунёдкорлари меҳнат қилмоқда.