Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий тикув машиналари топширилди

Сайхунобод туманида туман ҳокими Комилжон Муллажонов ташаббуси билан маҳаллаларда таълим ва ишлаб чиқаришнинг уйғунлигини таъминлаш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларни мустақил даромад топишга рағбатлантириш мақсадида 1 ва 2-сонли техникумнинг тикувчилик йўналиши бўйича таҳсил олаётган ўқувчилари учун тикув машиналари топширилди.

Бу ташаббус орқали ёшлар амалиётда ўз салоҳиятини синаш, ишлаб чиқариш жараёнини мукаммал ўзлаштириш ва касбий малакасини мустаҳкамлаш имконига эга бўлишади. Машиналар ёрдамида ўқувчилар ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни бозорга тақдим этиш орқали ўз бизнес имкониятларини синаб кўришлари мумкин.

–    Бундай ташаббуслар ёшлар орасида тадбиркорликка қизиқишни оширади, уларнинг мустақил даромад топиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда маҳаллаларда ижтимоий фаолликни ривожлантиришга хизмат қилади,  –   дейди 2-сонли политехникум директори  Абдусаттор Мардиев.  – Энг асосийси, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.

Тикувчилик бўйича техникум битирувчиси Маҳбуба Мамарасулова эса ўз фикрини шундай ифода қилди:

– Замонавий тикув машиналари орқали биз ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни бозорга тақдим этиш имконига эга бўляпмиз. Бу бизга ўз мустақил бизнесимизни йўлга қўйиш учун илк қадамни ташлаш имконини беради.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири