Замонавий технологиялар асосида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида пахтачилик ва уруғчилик соҳасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ёқуббой Аширов” фермер хўжалиги ҳамда унинг қошида ташкил этилган “Amu sara urug'lari” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар асосида сифатли уруғлик чигит тайёрланмоқда.
Корхонада 60 нафардан ортиқ ишчи уч навбатда меҳнат қилади. Бу ерда кунига 30 тонна пахта қайта ишланади. Жараён давомида уруғлик пахтадан олинадиган чигитлар туксизлантирилиб, дориланади ва сепараторлар орқали сараланиб, юқори сифат даражасига етказилади. Айни пайтда жорий йил ҳосили учун эрта баҳорда экиладиган “Равнақ” ва “Султон” каби навлар уруғи тайёрланмоқда. Маҳаллий иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли навларни танлаш барқарор ва мўл ҳосил олишга хизмат қилмоқда.
[gallery-27896]
Фермер хўжалиги раҳбари Ёқуббой Аширов фаолиятини 2009 йилда бошлаган. Ҳозирги кунда у 114 гектар ер майдонида деҳқончилик қилади. Тадбиркор давлат томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 3 миллиард сўм имтиёзли банк кредити ҳамда 3 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан Хитойдан пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар уруғини қайта ишлашга мўлжалланган замонавий ускуналар олиб келган. Шу асосда “Amu sara urug'lari” МЧЖ ташкил этилган.
Шунингдек, дала ишларини самарали ташкил этиш мақсадида янги замонавий тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинган. Бу агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда.
Амударё туманида қўлга киритилаётган натижалар инновацион ёндашув ва самарали меҳнат самараси сифатида эътироф этилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА