ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон жадидларнинг дастурида бир қатор вазифалар қўйилган эди. Булар: халқ таълимида ислоҳотлар олиб бориш ва маданият, фан ва техника ҳаётий муҳим бўлган соҳаларда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш; тайёрланган юқори малакали мутахассислардан Туркистоннинг иқтисодиёти, саноати ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш; халқнинг турмуш даражасини кўтариш ва фаровонлигини ошириш; миллий сармояни шакллантириш, мулкдорлар ва бой одамларнинг кўпайишига кўмак бериш; малакали маҳаллий мутахассислар ёрдамида жамият ва давлат ҳаётида туб ислоҳотларни амалга ошириш кабилар эди.
Жадид мутафаккирларимиз дастуридаги вазифалар ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда ва Янги Ўзбекистон шароитида 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ўз аксини топганлигининг гувоҳи бўламиз. Сўнгги йиллар давлатимизда таълим тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларига назар ташлайдиган бўлсак, таълим тизимининг мукаммаллик сари дадил қадам ташлаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Булар «Таълим тўғрисида»ги, «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари, «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни каби ҳужжатларда ўз аксини топиб бормоқда.

Шундай муҳим ҳужжатлардан бири, шубҳасиз, «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагогик кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ҳисобланади. Ушбу ҳужжат асосида ташкил қилинган Гулистон давлат педагогика институти жамоаси ҳам, ҳукуматимиз томонидан қўйилган вазифаларни бажаришга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида аҳамият берилмоқда. Олий таълим йўналишларида илғор хорижий тажриба асосида ёш авлод орасида ижодкорларнинг меҳнатига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган интеллектуал мулк фанлари жорий этилиб, улар бўйича ўтказиладиган машғулотларда соҳада фаолият олиб борувчи амалиётчилар иштирок этиши таъминланиб келинмоқда. Чунки таълимнинг асосий натижадорлиги интеллектуал мулкда ўз ифодасини топади.

Сир эмаски, бугунги кунда инновацион ва рақамли жамиятнинг шаклланиши ва ривожланишида инсон капитали, яъни малакали кадрлар сифат даражасини баҳолаш масаласи ўта долзарб тус олмоқда. Инсон капиталини ифодаловчи кўрсаткичлар тизимига қуйидаги кўрсаткичлар киради:
таълимнинг давомийлиги;
таълим натижалари (билим даражаси);
сифатли таълим олиш давомийлиги;
Ушбу кўрсаткичлар асосида инсон капиталидан фойдаланиш даражаси аниқланади. Жаҳон банки дунё мамлакатларининг 2020 йил учун инсон капитали индексини эълон қилган эди. Унда Ўзбекистон ҳам илк бор қатнашиб, 62 фоизлик натижа қайд этилган.
Кўриниб турибдики, инсон капиталининг ривожланишида асосан таълим соҳаси муҳим роль ўйнар экан. Юқоридаги кўрсаткичлар, яъни таълимнинг давомийлиги, таълим натижалари (билим даражаси) ва сифатли таълим олиш давомийлиги бевосита таълим соҳаси билан боғлиқдир.
Сифатли таълимда, таълим тизими кўрсаткичлари муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун барча таълим тизимига кирувчи таълим ташкилотларини ривожлантириш ва фаолиятини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун амалиёт билан ўқув жараёнининг бир-бири билан мувофиқлигини таъминлаш зарур.
Замонавий ёшлaрни билимли вa мaлaкaли этиб тaрбиялaш, уларни жaҳoн тaлаблари даражасига мoс мутaxaссислaр этиб тaйёрлaш мaқсaдидa тaълим тизими нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам изчил ривoжлaнтирилмoқдa. Буни биринчи галда олий тaълим сoҳaсидaги ислoҳoтлaрда ҳам кўриш мумкин. Бунда олий таълимга кирувчиларнинг қaмрoвини oшириш, олий таълим муассасаларининг мoлиявий ҳoлaтини яxшилaш мақсадида, уларга молиявий мустақилликни бериш, прoфeссoр-ўқитувчилaрни мoддий қўллaб-қуввaтлaшнинг турли усулларини жорий қилиш масалаларигa қaрaтилган тадбирлар жорий қилинмоқда. Самарали ишлаган ўқитувчи ўзининг ойлик маошига қўшимча равишда, белгиланган миқдорда устама олиш имкониятига ҳам эга бўлди.
Ҳозирги пайтда дуал таълим тизими муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Бу таълим тизимига аслида Германияда асос солиниб, ҳозирги кунда Европа Иттифоқининг бир қанча давлатларида жорий этилган ва бунинг кўлами кенгайиб бормоқда. Гулистон давлат педагогика институтида ҳам ушбу йўналишда бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Дуал таълим тизимида, талаба назарий билимларни таълим муассасасида, амалий кўникмаларни олади. Яъни талаба ўқиш даврининг бир қисмини, «4+2» дастури асосида амалиётда ўтқазади.
Дуал таълим тизими анъанавий таълимга нисбатан бир неча афзал жиҳатларга эга. Яъни, талаба ўқиш даврида амалий кўникмалар ва жамоада муайян нуфузга эга бўлади. Талаба ишлаб чиқаришда ўзини қандай намойиш эта олганига қараб, ўқишни битирганидан сўнг худди шу ташкилотга уни ишга таклиф этишлари мумкин. Шундай бўлган тақдирда, у бошқа иш қидиришга вақт сарфлаб ўтирмайди, янги лавозим мажбуриятларини эгаллаши осон бўлади ва янги жамоага кўникиши шарт бўлмайди; Иш берувчи ташкилот, ўз талабларига мувофиқ келувчи малакали мутахассисга эга бўлади. Натижада ташкилот қисқа муддатда истиқболли самарага эга бўлиши мумкин бўлади.
Ушбу таълим тизимининг афзалликларидан яна бири мактабдан то докторантурагача бўлган босқични тўлиқ қамраб олади. Бунда таълим занжири «мактаб – коллеж – техникум – олий ўқув юрти» тизими ишлайди. Муҳими, таълимнинг барча бўғинида малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Муҳим жиҳат, бу тизимда олий ўқув юрти кадрларни «ўз истагидан келиб чиқиб» тайёрламайди, балки амалиёт эҳтиёжига мослаштирилган ҳолда амалга оширади. Энди талаба-ўқувчилар нафақат назарий фанларни, балки назарий фанлар билан бирга амалиётни ҳам бирга қўшиб олиб боради. Ушбу тизим мутахассисларнинг етуклигини таъминлаб, сифатли инсон капиталининг шаклланиши учун асос бўлади.
Бугунги кунда инсон капиталининг асосий шартларидан бири бўлган таълимнинг давомийлигини таъминлашга ушбу тадбирлар катта туртки бўлади. Мактабгача таълим, бошланғич таълим, касбий таълим, олий таълим тизими каби таълимнинг барча босқичларида интеллектуал салоҳиятли, бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадиган замонавий рақобатбардош кадрларни тайёрлаш учун айнан таълимнинг давомийлигини таъминлашни тақозо қилади. Барча таълим соҳасида узлуксизлик таъминланиб келинади. Аммо олий таълим тизимида қамров ҳали анча паст. Президентимиз сайлов олди дастурида «Келгусида узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида қуйидаги масалалар доимий эътиборимиз марказида бўлади» деб таъкидлади. Эндиликда, мактабгача таълимдаги қамров даражаси камида 80 фоизга етказилади. Шунингдек, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади. Буларнинг ҳаммаси таълим давомийлигининг бошланиши ҳисобланади. Агар шу босқичда қамров қанча катта бўлса, ушбу кўрсаткич ҳам шунча юқори бўлади.
Маълумки, мамлакатимизда болалар сони йилдан йилга ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолиси сонининг 60 фоизи ёшлар ҳисобланади. Бундай ҳолатни инобатга олиб, келажакда бир қанча янги мактаблар қуриш билан бирга хусусий мактабларни кўпайтириш ҳам кўзда тутилган. Шу билан бирга, таълим сифатини ошириш ҳам ҳисобга олинган. Ушбу вазифаларни тизимли тарзда бажариш учун Президентимизнинг маърузасида «Мактабларни ривожлантириш давлат дастури»ни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам қайд этилди. Шу асосда «келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун мактаблар реконструкция қилинади ва янгидан барпо этилади».
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, «xaлқaрo тaжрибaдa илмий сaлoҳият 70 фoиздaн кaм бўлсa, бундaй унивeрситeт нуфузли ҳисoблaнмaйди. Юртимиздa бу кўрсaткич жудa пaст. Ушбу кўрсаткичларни муттасил ошириб бориш лозим бўлмоқда. Акс ҳолда таълимнинг натижадорлигига эришиш мушкул бўлади.
Инсон капиталининг асосий шартларидан бири, бугунги кунда таълим натижалари (билим даражаси) билан ўлчанади. Ўқувчи ва талабаларнинг билим даражаси бугунги кунда нафақат назарий, балки амалий йўналишларини ҳам ўқув муассасасининг ўзидаёқ тўлиқ ўзлаштирган бўлиши лозим. Улар олий ўқув юрти дипломи билан бевосита ишлашга қодир кадрлар бўлиши керак. Эндиликда олдимизга вазифа сифатида, таълимни комплекс ривожлантириш масаласи қўйилмоқда. Бунга эришиш учун ёндашувлар ҳам комплекс бўлишлигини тақозо қилмоқда. Бу дегани жойлардаги раҳбарлар, маҳаллий Кенгаш вакилларининг ҳам таълимга нисбатан эътибори ва масъулиятини ошириш масаласи қўйилади. Ушбу идоралар вакиллари мактабни текшириш билан эмас, балки бевосита ўзларининг ҳудудларидаги мактабларга кўмак бериш, таълим жараёнини янада жонлантириш учун тегишли шароитларни яратишга кўмаклашиш билан шуғулланади. Ўқитиш ва унинг натижадорлиги энди ўқувчиларни ёдлатиш тизимидан уларни мантиқий фикрлайдиган даражага кўтариш масаласи турибди. Бу таълимнинг барча босқичларига жорий қилинмоқда. Педагогларнинг иш услуби, уларнинг дарс бериш технологияси ҳам шунга мос равишда ўзгариши керак. Бунга эришиш учун таълим ташкилотларининг барча босқичларида ўқув юкламалари ва дарслар сонини қайтадан кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Бугунги ҳар бир ўтилган дарс эртанги кунда ўқувчи ва талабалар ҳаёти ва фаолиятида асқатадиган бўлиши керак. Бунинг учун таълим соҳасига ёндашув ҳам янгича бўлиш лозимлигини тақозо қилади. Чунки ҳозирги пайтда ёшларни таълимнинг барча босқичларида қамровини кенгайтириш борасида анча ишлар амалга оширилди. Буларнинг ҳаммаси масаланинг ўнгланиши билан боғлиқ биринчи босқич, яъни миқдорини кўпайтириш билан боғлиқ жараёнлардир. Бироқ таълим сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз ҳали етарли даражада ўз натижасини берганича йўқ. Тегишли муваффақиятларга эришишимиз учун миқдор ва сифат ўзгариши бир-бирига мос бўлишлигини таъминлаш лозимдир.
Агар биз юқоридаги ҳолатларга эришсак, таълим билан боғлиқ кўрсаткичлар тизимини яхшилашга ва мос равишда ўқувчи ва талабаларнинг билим даражасининг оширилишига эришамиз. Шу тариқа мамлакатимизда инсон капитали бўйича рейтингимиз ошади ва халқаро майдонда ҳам ўзимизнинг муносиб ўрнимизга эга бўламиз.
Сифатли таълим олиш давомийлиги инсон капиталининг асосий шартларидан бири сифатида белгиланган. Келажакда олий таълимга қамров даражасини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, асосий эътибор таълим сифатини таълимнинг барча босқичларида ошириб боришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 2026 йилга қадар камида 10 та олий ўқув юртларимиз нуфузли халқаро рейтингларга эришиши учун барча чора-тадбирларни кўрмоқдалар. Барча таълим тизимида, хусусан олий таълимда ҳам сифат ва рақобат муҳитини кучайтирмасдан туриб, юқори даражадаги таълим сифатига эришиш қийин. Бунинг учун давлат олий ўқув юртлари билан бирга хусусий, давлат шерикчилигидаги олий ўқув юртларини ҳам кўпайтиришни тақозо қилади. Бунга эришиш мақсадида 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилиши кўзда тутилган.
Юқоридаги ҳолат мамлакатимиз таълим ташкилотлари ўртасида кучли рақобатни юзага келтиради. Бундай муҳит албатта таълим сифатининг янада оширилишини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Таълим жараёнини тубдан ўзгартириш учун уни амалга оширадиган педагоглар ҳам тайёр бўлиши керак. Шу туфайли масалани илғор педагогларни тайёрлаш билан шуғулланишдан бошлаш лозим бўлади. Бу албатта кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалалардан ҳисобланади. Биздаги мавжуд таълим тизимидаги яна бир нуқсон, талаба ва ўқувчиларни диплом олишга қаратилган ўқитиш билан шуғулланиб қолганлигида деб баҳолаш мумкин. Шунингдек, ёш мутахассисларни қайсидир ташкилот ёки давлат идораларида ёлланиб ишлашга қаратилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Улар у ёки бу соҳада мутахассис бўлиб шаклланади. Лекин олий маълумотли мутахассислар ўзларини ўзлари иш билан таъминлаб, янги иш ўринларини очиб, янгидан иш бошлашга қаратилган мустақил фаолият билан шуғулланишга ўргатилмайди. Шу туфайли дипломли мутахассисларимиз иш жойининг бўшашини ёки кимнингдир янги иш ўринлариниочишини кутиб яшамоқда. Бу жараён чўзилиб кетган ҳудудларда олий маълумотли мутахассисилар хорижга оддий ёлланиб ишлашга кетиб қолаётганлиги ҳам сир эмас. Буларга барҳам бериш учун мамлакатимизда кўплаб хайрли ишлар бошланди. Мактабларда ўқувчиларини ҳам касбга қизиқишларини аниқлаш ва уларнинг ҳар бирини босқичма-босқич ўзи қизиққан касбга йўналтириш тадбирлари жорий қилинмоқда. Энди таълимнинг сифатига шу ҳудудда жойлашган корхоналар ва ташкилотлар ҳам масъул. Улар талаба ва ўқувчиларнинг бевосита ташкилот ёки корхонада амалиёт ўтишига кўмаклашади. Мактаблар ва бошқа таълим ташкилотлари билан узвий алоқада фаолият кўрсатишга саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа субъектлари мажбур бўлмоқда. Шунингдек, таълим ташкилотлари жойлашга ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар, шоир ва ёзувчиларни ҳам мактабларга ва бошқа таълим муассасаларига бириктирилиб, мактабни ҳақиқий маънавият ва маърифат масканига айлантириш масаласи ҳам аста-секинлик билан жорий қилинмоқда.
Ҳар бир таълим ташкилотида, таълим сифатини кўрсаткичлар билан баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Шу йўл билан ҳар бир таълим муассасасининг ва унда фаолият кўрсатаётган педагог кадрларнинг рейтинги аниқланади. Шу тариқа ушбу кўрсаткичлар бўйича рейтингдаги ўрнимизнинг жаҳон миқёсида яхшиланиб бориши табиий. Ушбу рейтингнинг яна бир ижобий жиҳати шундаки, энди педагогларнинг тоифаларини аниқлашда аниқ манзилли кўрсаткичлар тизими шаклланади. Бу ўз навбатида ҳар бир ўқитувчининг тоифасини ошириш учун нималарга эътиборни қаратиши аниқ бўлади.
Шубҳасиз, сифатли таълим шартларидан бири, бевосита инсон ресурсига сармояларни кўпайтириш ҳисобланади. Сўнгги йилларда олий таълим олиш имконияти кескин ўсди, шу билан бирга, малака ошириш ва касбий-техник таълимга давлат инвестициялари сезиларли оширилди. Бу ишларни келгусида ҳам кенгайтириб бориш, бунда ҳаракатлантирувчи кучи хусусий сектор бўлган янги иқтисодиёт эҳтиёжларига таълим тизимини мослаштириш зарур. Таълим хизматларига инвестицияларнинг оширилиши, шунингдек, гендер тенглиги ва ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг ошишига олиб келувчи чекловчи сиёсатдан воз кечиш инсон капиталига янада ижобий таъсир кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, сифатли таълим, инсон капиталини баҳолаш ва ривожлантириш масалалари бўйича ҳали мамлакатимизда олдимизда турган вазифалар талайгина. Уларнинг ечимлари устида қизғин ишлар олиб борилмоқда. Бироқ бу тадбирлар қисқа даврда амалга ошмайди. Бунга анча вақт ва маблағ керак. Бугунги кунда маблағлар етарли даражада сарфланмоқда. Бироқ унинг самарасига қисқа муддатда эришиш имконияти йўқ. Юқоридагилардан келиб чиқиб, олдимизда турган бир қанча муаммоларни ҳал қилиш тавсия этилади.
Булар, таълимнинг давомийлиги, таълим натижалари (билим даражаси), сифатли таълим олиш давомийлиги билан боғлиқ масалалар бўйича ҳали анча муаммолар мавжуд. Буни ҳал қилиш учун ўқув ташкилотлари моддий-техника базасини замонавий талабларга жавоб берадиган даражага етказиш, педагог кадрларни бугунги талаб даражасига мослаштирган ҳолда тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш масалаларини йўлга қўйиш ва болаларимизни диплом учун эмас, ҳақиқий билим олиши учун ўқишини таъминлаш чораларини кўриш лозим бўлади.
Мамлакатимизда малакали кадрларни тайёрлаш ва рақобатбардошлигини таъминлаш учун дуал-таълим тамойилини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, ушбу таълим тизимининг афзалликлари мактабдан то докторантурагача бўлган босқични тўлиқ қамраб олади ва таълим занжири «мактаб – коллеж – техникум – олий ўқув юрти» тизими шаклланади. Муҳими амалиётнинг талабидан келиб чиқиб, таълимнинг барча бўғинида малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Муҳим жиҳати, бу тизимда амалиёт эҳтиёжга мослаштирилган ҳолда амалга оширилади. Энди талаба-ўқувчилар нафақат назарий фанларни, балки назарий фанлар билан бирга амалиётни ҳам бирга қўшиб чуқур ўрганиб боради. Ушбу тизим мутахассисларнинг етуклигини таъминлаб, сифатли, юқори малакали мутахассислар қатламининг шаклланиши учун асос бўлади. Мамлакатимизда кадрлар сони ва сифати яхшиланиб боради. Ушбу жараённинг бардавомлиги таъминланса, мамлакатимиз иқтисодий – ижтимоий ҳаётида сифат ўзгаришлари рўй беради. «Янги Ўзбекистон» ва учинчи ренессанс талабларига мос ҳолдаги ёшлар тарбияланади. Бу ўз навбатида мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги рақобатбардошлигини тўлиқ таъминлаб боради.
Жахонгир Каршибаев,
Гулистон давлат педагогика институти ректори.